Сўнгги янгиланиш 28 феврал 2011 - 12:34 GMT

Парламент Каримов таклиф этган ўзгаришларни маъқуллади

Ўзгаришлар 73 ёшли Президент Каримовнинг меросхўри ким бўлиши ҳақидаги саволга аниқлик киритмайди

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси Президент Каримов таклиф этган конституцион ўзгаришларни маъқуллаган.

Хабар агентликларига кўра, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси шанба куни ўтган сессиясида Конституциянинг тегишли моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган.

Ўзгартиришлар сиёсий партияларнинг Бош вазирликка номзодни илгари суриш ва уни вазифасидан бўшатишга тааллуқли.

Унга мувофиқ, бош вазир номзоди парламентнинг қуйи палатасига сайловларда энг кўп депутат ўринларини олган партия ёки тенг мандатларни қўлга киритган бир неча партиялар томонидан илгари сурилади.

Амалдаги тартиб бўйича Бош вазир номзоди президент томонидан таклиф этилади.

Депутатлар, шунингдек, ҳукумат бошлиғига ишончсизлик билдириш тартибини ҳам қабул қилишган.

Унга кўра, парламент депутатларининг учдан икки қисми маъқуллаб овоз бергани тақдирда, бош вазирга ишончсизлик қонуний тус олади.

Бундай ҳолатда президент Бош вазирни истеъфога юборади ва бутун ҳукумат таркиби истеъфога чиқади.

Қонун лойиҳаси тасдиқлаш учун Сенатга юборилгани хабар қилинади.

Меросхўрлик

Ўтган йилнинг ноябрида парламентда қилган чиқишида Президент Ислом Каримов, президент ваколатларини бажара олмай қолса, ваколатларни Сенат раисига ўтказиш таклифи билан чиққан эди.

Президент Каримов "агар президент ўз ваколатларини адо этолмай қолса, унинг ваколатларини Олий Мажлис Сенатининг раиси қабул қилади", деб айтган.

Шу пайтгача Ўзбекистон қонунчилигида агар президент ўз вазифаларини бажара олмай қолса, унинг ваколатларини бажарувчи шахс Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси вакиллари орасидан танланиши кўзда тутилган.

Президент ваколатларини бажарувчи киши уч ой муддатга сайланиши, шу вақт мобайнида янги президент сайловларини ўтказиш белгиланган.

Кузатувчиларга кўра, янги ўзгартириш ана шундай фавқулодда ҳолатда қандай йўл тутиш масаласига янада аниқлик киритади.

Аммо парламентнинг қуйи палатаси қабул қилган ўзгаришларда президентнинг ваколатлари ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.

Ўзбекистонда "демократик ислоҳотлар концепцияси" деб тақдим этилаётган ўзгаришлар турлича талқинларга сабаб бўлган.

Парижда истиқомат қилаётган таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг фикрича, бу жузъий ўзгаришлардан мақсад фақат "режимнинг умрини узайтириш, холос".

Кузатувчилар конституцион ўзгаришларнинг Президент Каримов 73 ёшни қаршилаган ва унинг меросхўри ҳанузгача номаълум бўлган бир сиёсий муҳитда юз бераётганига эътибор қаратишади.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон каби сиёсий жараёнлар ёпиқ бўлган мамлакатда меросхўрлик масаласи вазиятни беқарорлаштириши мумкин бўлган энг асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда навбатдаги президентлик сайловлари 2014 йилда бўлиб ўтиши керак.

Мамлакатни қарийб 23 йилдан буён бошқариб келаётган Президент Каримов ҳозирга қадар номзодини яна бир муддатга қўйиш-қўймаслиги ҳақида ҳеч қандай ишора бермаган.

Унинг эҳтимолий ворислари сифатида тўнғич қизи Гулнора Каримова, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ҳамда Миллий Хавфсизлик Хизматининг қудратли раиси Рустам Иноятовларнинг номлари тилга олинади.

Мустақил таҳлилчилар Ўзбекистонда ҳокимият учун зимдан кураш аллақачон бошланиб кетгани ва Президент Каримовнинг охирги ташаббуси ана шу курашни жиловлаш уриниши эканини айтишади.

Марҳум тарихчи олим Файзулла Исҳоқовнинг айни мавзудаги мусоҳабаси.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.