'Янги қарор фермерни рағбатлантирмайди, аксинча аҳволини мураккаблаштиради'

Image caption Ўзбекистон раҳбарияти пахта яккаҳокимлиги қаттиқ танқид қилинган Шўролар Иттифоқи давридаги пахта хомашёси тайёрлаш тизимини деярли ўзгартирмади

Тошкентдаги Эксперт Ишчи гуруҳи тарқатган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг фермерларга бағишланган янги низоми фермерларнинг молиявий-иқтисодий аҳволини ёмонлаштиради.

Ишчи гуруҳ хабар беришича, Ўзбекистон ҳукумати фермер хўжаликларининг маблағларидан фойдаланишга қаратилган янги низомни шу йил 4 февралида маъқуллаган.

Бу низомнинг Ўзбекистон президентининг давлат эҳтиёжи учун пахта хомашёси тайёрлайдиган фермер хўжаликларини рағбатлантириш мақсадидаги қарорини ҳаётга татбиқ этиш учун қабул қилингани билдирилган.

Ўзбек ҳукуматининг янги низомига кўра, энди пахта етиштирадиган фемерлар даромадларининг 25 фоизи банклардаги махсус ҳисобларда ушлаб қолинади.

Бу маблағ фермерларнинг турли моддий-техник хизматлар учун тўламай қолган қарзларини ундириш йўлида фойдаланиши ҳам айтилган.

Эксперт Ишчи гуруҳи Ўзбекистондаги фермерларга хизмат кўрсатадиган ташкилотлар доираси торлиги, улар асосан мамлакатдаги монополистлар эканини эслатади.

Улар - "Пахтасаноат", пахта тозалаш заводлари, "Ўзкимёсаноат", "Ўзбекэнерго", "Ўзнефтмаҳсулот" ва "Ўзагромашсервис" ташкилотларидир.

Янги тартиб бўйича юқорида номи келтирилган ташкилотлардан қарздорлиги бўлмаган фермер маблағидан ҳам олдиндан тўлаш учун пул олиниши мумкин.

"Пул маблағларининг ҳақиқий эгаси бўлган фермер хўжалиги ўз маблағларидан мустақил фойдалана олмайди, яъни фермер аввал бошиданоқ давлат олдидаги қарздор ҳолига солиб қўйилган", дейилади Эксперт Ишчи гуруҳи ҳисоботида.

Эксперт Ишчи гуруҳи Ўзбекистонда пахта хомашёсини етиштириш фермер учун манфаатли эмаслигини урғулайди.

Эксперт Ишчи гуруҳи ўтказган сўров натижасига кўра, ўзбекистонлик аксар фермерлар бир йил мобайнида пахта хомашёсини парваришлаганларидан кейин ҳар гектардан оладиган даромадлари атиги 100-120 минг ўзбек сўмини ташкил этади.

2690 долларлик даромад

Image caption Ўзбекистон пахта далаларида болаларни мажбурий меҳнатга сафарбар этиши билан ҳам дунёга танилди

Ишчи гуруҳига кўра, Ўзбекистондаги вилоятлардан бирида пахта етиштирадиган олти фермернинг ялпи даромади 6 миллион 376 минг ёки 2690 АҚШ долларини ташкил этган.

"Бу шуни кўрсатадики, ҳозирги шароитда бошқа экинларни етиштиришдан тушадиган даромад пахта етиштиришдан тушган даромаддан етти баробар юқори", дейди таҳлилий гуруҳ.

Ўзбекистон раҳбарияти пахта яккаҳокимлиги қаттиқ танқид қилинган Шўролар Иттифоқи давридаги пахта хомашёси тайёрлаш тизимини деярли ўзгартирмаган.

Мамлакатда ер хусусий мулк қилиб берилмади, Шўролар давридаги колхоз-совхозлар тугатилганига қарамасдан, ўзбек фермерига эркинлик берилмади.

Ўзбек фермери пахтани фақат давлатгагина сота олади, қўшни мамлакатларда далада терилган пахта қиймати баланд бўлгани учун Ўзбекистонда етиштирилган пахтани Қозоғистонга, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларига ноқонуний олиб ўтиб сотиш ҳоллари учраган.

Эксперт Ишчи гуруҳи охирги йилларда фермердан пахта сортини асоссиз пасайтириб олиш ҳолатлари кўпайганини ёзади.

Бирмунча олдин Ўзбек ҳукуматининг фермер хўжаликларини йириклаштириш сиёсати ҳам деҳқончиликда банд бўлган кўплаб инсонларнинг ўзлари меҳнат қилаётган ерларидан ажралишларига сабаб бўлган.

Жиззахлик собиқ фермер хўжалиги раҳбари Маъмур Азимовнинг айтишича, ўшанда фермерликни ташлаган кишиларнинг ерларини ўзига қўшиб олганлар ҳам бугунга келиб маҳаллий амалдорларнинг зуғумларидан чарчаганликларини айтишади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди