Тошкентдаги энг йирик савдо дўконларидан бири беркитилди

Turkuaz биноси
Image caption Turkuaz Бош Универсал Магазин биносини таъмирлаш учун 4 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфланганини айтади

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, пойтахт Тошкентдаги энг йирик савдо дўконларидан бири - Turkuaz ҳуқуқ-тартибот ва солиқ ходимлари томонидан беркитилган.

Тошкентдаги манбаларнинг Би-би-сига маълум қилишларича, чоршанба куни олиб борилган текширувлар чоғида "афтидан Turkuaz фаолиятида кўплаб хатолар аниқланган".

Turkuaz Совет даврида "Бош Универсал Магазин" номи билан машҳур, шаҳарнинг энг йирик биносида фаолият олиб бораётганди.

Гувоҳларнинг маълум қилишларича, "эски" ва "янги" шаҳар чорраҳасида жойлашган ушбу тўрт қаватли дўкон атрофи аввалига бир неча автобусда келган махсус милиция кучлари томонидан ўраб олинган.

Савдо-сотиқ тўхтатилиб, дўкон ичкарисида ишлаётган юзлаб ходимлар кун давомида ушлаб турилган.

"Соат кечки еттиларга бориб, аввалига дўконнинг аёл ходимларни қўйиб юборишди, соат тунги тўққиздан кейин эркак ходимлар бинони тарк этишди," дейди бино рўпарасида жойлашган "Чорсу" бозорида савдо қилувчилардан бири.

Унинг айтишича, Turkuaz ходимларига "бундан буён ишга чиқмаслик" буйруғи берилган.

Пайшанба куни эрталаб ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Тошкент бозорларида мардикорлик қилувчи 300 га яқин одамни келтириб, "бинодаги юкларни олиб кетишган".

Turkuaz-га қарашли бинонинг биринчи қаватида Ўзбекистонга хориждан келтирилган ва маҳаллий озиқ-овқат, кийим-кечак ва электрон моллари билан савдо қилувчи ўнлаб савдо дўконлар, юқори қаватларида эса трикотаж ва кийим-кечаклар ишлаб чиқарувчи корхоналар жойлашган.

Савдо дўконларида 40 мингдан зиёд маҳсулот сотилиши айтилади.

1992-йилда Истанбулда асос солинган Turkuaz ширкатининг асосий фаолияти Марказий Осиёда давлатларига Туркия дохил дунёнинг етакчи озиқ-овқат ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчи ширкатлари маҳсулотларини етказиб беришга қаратилган.

Тошкент марказида жойлашган яна бир неча йирик савдо дўконлари Turkuaz ширкатига қарашлидир.

Turkuaz Ўзбекистонда 500 дан ортиқ маҳаллий фуқароларни иш билан таъминлашини айтади.

Маҳаллий кузатувчилар ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ўхшаш амалиётлари ўтган ҳафталарда Тошкент марказидаги Навоий савдо расталарида ҳам ўтказилган.

Мазкур амалиётлар чоғида ўнлаб дўконлардан савдога қўйилган миллионлаб долларга тенг маҳсулотлар мусодара қилинган.

Ўзбекистон расмийлари бу борада ҳозиргача изоҳ беришмаган.