Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда валюта сиёсатини ким белгилайди?

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, ўтган икки йилдаги валюта сиёсати мулозимлар ва мафия орасида боғлиқлик борлигини кўрсатади.

Бу борада махсус ҳисобот чиқарган Мустақил Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳига кўра, ҳамон конвертация йўқлиги ва оддий одамларнинг пул алмаштириш имконлари чеклангани муайян гуруҳларни бойитмоқда холос.

Мазкур ҳисоботни тузишда иштирок этган иқтисодий таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимовга кўра, мазкур хулоса Россия интернет саҳифаларида чоп этилган мақолаларга таяниб қилинган.

Жаҳонгир Шосалимов: Россияни интернет сайтларида асосан Ислом ака Каримовнинг аёли шу ишни назорат қилади. Ўша Марказий Банкнинг биринчи ёрдамчиси билан йўл-йўриқ беради деган нарсага таяндик...Наҳотки, бу нарса мамлакат раҳбарининг аёлидан чиқадию, лекин мамлакат раҳбари ҳам, аёли ҳам буни инкор этмайди. Албатта, Россия сайтларида чиққанидан кейин бу одамлар: "Йўқ, бизнинг бунга алоқамиз йўқ" деган қаршиликларини билдиришмади. Кейин Салим аканинг (бу ерда Ўзбекистон "мафияси бошлиғи" деб аталган Салим Абдувалиев назарда тутилмоқда - Би-би-си) шу "қора бозор"ни назорат қилиши ҳам асосан интернет саҳифаларида кўринган. Шунинг учун ҳам? биз ўша интернет сайтларига асосланиб бердик. Ўзимизнинг кўз ўнгимизда бозорларда бултур одамларнинг ўлимигача борадиган тўполонлар бўлди. Шуларнинг ҳаммасини ўз кўзимиз билан ўзбек халқининг, энг оддий одамларнинг кўз ўнгида бўлганлиги учун шу нарсани биз айтишга қарор қилдик.

Би-би-си: Ҳамма интернет саҳифалари ҳам қонунан рўйхатдан ўтган бўлмайди. Уларни ёлғон, бўҳтон, туҳматда айбламасликлари мумкин, лекин бу ҳисобот учун сизларни туҳматда айблашлари мумкин.

Жаҳонгир Шосалимов: Мисол учун, шахсан мен ўзим ҳеч кимга туҳмат қилиш ниятим йўқ. Лекин, ўша воқеаларнинг аҳволига нега улар индашмаяпти...уларнинг ҳақлари борку, ўша интернет саҳифаларидаги одамларни судга бермаганларидан...Ҳеч бўлмаса, ўзларининг баёнотлари билан чиқишлари мумкин эди. Лекин, улар баёнотлар билан чиқишмади. Бундан ташқари ўзбек сўмини конвертация қилиш масаласи, бу масалада қарор қабул қилиш ҳукумат жойларида кўзда тутилмаётганлиги, бу масала тўғрисида ҳеч ким ўзламаётганлиги ҳам, шу шубҳаларни асосли деб ўйлашга олиб келади.

Би-би-си: Лекин, раҳбарият айтиши мумкинки, мана Марказий Банк, Молия вазирлиги ёки Вазирлар маҳкамаси вазиятни доим таҳлил қилиб боради биз чоралар кўряпмиз, сизлар айтаётган даъволарда асос йўқ дейишлари мумкин.

Жаҳонгир Шосалимов: Улар чора кўраётганлари кўринмаяпти-да, реал ҳаётда, одамларнинг кундалик ҳаётларида умуман кўринмаяпти. Охирги пайтларда "қора бозор"ларда ҳар битта одамдан 15 минг сўм олиб сотилди. Лекин, уларнинг натижаси кўринмаяпти, мисол учун. Барибир ҳамма масала ёпиқлигича қоляпти, ёпиқ. Ўша бутун Марказий Банкнинг сиёсати ўта мавҳумлигича қолмоқда, бу жамоатчиликдан яшириляпти ниҳоятда. Жамоатчиликдан яширилганидан кейин ҳар хил фикрлар, гаплар бўлади.

Би-би-си: Мана Сиз суҳбатда Америка долларини алмаштириш пайтида ўлим ҳолатлари ҳам бўлганини айтдингиз. Бу қачон, қаерда содир бўлган?

Жаҳонгир Шосалимов: Тошкент шаҳрида бултур шу ишлар бўлдию, пичоқвозликлар бўлди, иккита томонларнинг муштлашиши бўлди. Тўполонлар бўлди. Шу кўпчиликнинг кўз ўнгида бўлди. Мутлақо оддий одамларни яқинлаштиришмади.

Би-би-си: Шу кеча-кундузда АҚШ доллари ёки бошқа хорижий валюталар бўйича Марказий Банкнинг қиймати қанча ва "қора бозор"да қанчани ташкил этяпти?

Жаҳонгир Шосалимов: Ман билган валюта айрбошлаш жойларида ҳозир доллар сотилаётгани йўқ, фақат олиняпти, фақат олиш мумкин. "Қора бозор"да 2400 сўм сотиляпти. Давлат курси бўйича 1675 сўм-1680 сўм атрофида сотиб оляпти.