Ўзбекистонда нодавлат ОАВ устидан назорат кучайтирилди

Ўзбекистондаги газеталардан бири
Image caption Ўзбекистонда цензура расман бекор қилинган эса-да, ОАВ устидан кучли назорат ҳамон сақланиб қолмоқда

Ўзбекистонда нодавлат оммавий ахборот воситаларининг хорижий давлатлар элчихоналари билан алоқалари устидан назорат кучайтирилди.

4 март куни Тошкентда ўтган йиғинда маҳаллий ФМ радио станцияларининг раҳбарларига хорижий давлатлар элчихоналарининг матбуот анжуманлари ва бошқа тадбирларида иштирок этиш олдидан расмий идораларни огоҳлантириш ҳақида кўрсатма берилган.

Тошкентдаги Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмасида ўтган йиғилишда маҳаллий ФМ станцияларининг раҳбарлари ва бош муҳаррирлари иштирок этганлар.

Йиғилиш қатнашчиларидан бирининг Би-би-сига айтишича, йиғилишда Уюшма раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқовдан ташқари Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг радио ва телевидение бўйича куратори ҳам иштирок этган.

Унда Ўзбекистондаги хорижий давлатларнинг элчихоналари ва бошқа чет эл ваколатхоналари билан алоқалар масаласи муҳокама этилган.

Радиостанциялар раҳбарлари ва муҳаррирларига матбуот анжуманлари дохил барча тадбирлар, шунингдек, элчихоналар томонидан молияланадиган хорижга сафарлар борасида Уюшма расмийларини аввалдан огоҳлантириш топшириғи берилган.

Йиғилишда Миллий Хавфсизлик Хизмати вакилининг иштирок этганига кўра, бу борадаги сўров МХХ томонидан кўриб чиқилади ва рухсат бериш-бемаслик масаласини ҳам Миллий Хавфсизлик Хизмати ҳал қилади.

2003-йилда ташкил этилган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси расман нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади ва низомига кўра, сўз ва ахборот эркинлиги, шунингдек, фуқаро жамияти барпо этишда оммавий ахборо воситаларининг ролини кенгайтиришни мақсад қилиб олган.

Унинг таъсисчиларидан бири ва раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов айни пайтда Президент девонининг масъул мулозими ҳамдир.

Расмийлар янги кўрсатма борасида ҳеч қандай тушунтириш беришмаган.

Араб дунёсидаги эврилишлар шамоли

Би-би-сига гапирган маҳаллий ФМ станцияси раҳбари янги кўрсатмани араб дунёсидаги ғалаёнлар билан боғлайди.

Унинг айтишича, расмийлар бу кўрсатмани тавсия оҳангида тақдим этишган.

"Шундай қилсанглар ўзингларга яхши бўлади," деган қабилда тушунтирилди, деб айтади маҳаллий ФМ раҳбари.

Ўзбекистон шароитида ушбу кўрсатмага амал қилмаган радиостанцияларнинг раҳбарлари лавозимларидан ажралишлари ёки радиостанциянинг ёпилишини ҳам англатиши мумкин.

Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий Ассоциацияси фақат радио ва телевизион станциялар эмас, балки газета ва журналларнинг электрон нашрларини ҳам қамраб олади.

Сўнгги тадбир Ўзбекистон расмийларининг араб дунёсидаги қўзғолонлар манзарасида мамлакатда интернет устидан назоратни янада кучайтираётганини англатади.

Ўзбекистон нодавблат оммавий ахборот воситалари ва мамлакатдаги хорижий ваколатхоналар ўртасидаги алоқалар санъат ва маданият соҳасига қаратилган.

Маҳаллий ахборот воситалари, журналистлар элчихоналарнинг турли, асосан, маданий тадбирларида иштирок этишади ёки шу мазмундаги лойиҳаларда қатнашадилар.

Аммо маҳаллий журналистларнинг сиёсий тадбирларда иштирок этиши деяри кузатилмаган.

2005-йилда мусулмон давлатларидан бирининг элчихонаси ёрдамида Ҳаж зиёратига боргани айтилган "Ҳуррият" рўзномасининг собиқ мухбири Собиржон Ёқубов диний экстремизмда айбланиб, ҳибсга олинган ва халқаро босимлардан сўнг озод этилганди.