Ўзбекистон илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этади, қандай қилиб дейсизми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Сурат ЎФФ веб саҳифасидан олинди

Футбол бўйича Ўзбекистон қизлар миллий терма жамоаси мезбон давлат ўлароқ ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этади.

Куни-кеча 2012 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик ҳуқуқини қўлга киритишда Ўзбекистон кимсан Янги Зеландияни ортда қолдирганди.

Шундай қилиб, 20 ёшгача бўлган хотин-қизлар орасидаги навбатдаги Жаҳон чемпионати келаси йили Ўзбекистонда бўлади.

Ўзбекистон шу пайтгача бу каби Жаҳон миқёсидаги футбол турнирига мезбонлик қилмаган.

Жаҳон чемпионатида дунёнинг энг олд 16 миллий терма жамоаси иштирок этиши кутилмоқда.

Уларнинг орасида собиқ Жаҳон чемпионлари АҚШ, Олмония ва Жанубий Корея ҳам бор.

2012 йилги Жаҳон чемпионати беллашувларининг Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида бўлиб ўтиши режаланаётгани айтилади.

Ўзбекистон бундан аввал Осиё миқёсида бўлиб ўтган турли футбол беллашувларга мезбонлик қилган.

Хабарларга кўра, 2012 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик аввалига Вьетнамга берилган.

Аммо ФИФА сўнггига келиб, Вьетнам бу каби йирик футбол тадбирига мезбонлик қилишга ҳозир эмас, деган қарорга келган.

Халқаро ташкилот Ўзбекистонда хотин-қизлар футболининг шиддат билан ривожланаётгани ҳам якуний тўхтамга келишларида Ўзбекистон фойдасига хизмат қилганини айтади.

Агар ўтган йилги маълумотларга қаралса, футбол бўйича Ўзбекистон хотин-қизлар миллий терма жамоаси ФИФАнинг рейтингида 48-ўринни эгаллаган.

Бу Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг зўр, собиқ МДҲ мамлакатлари ўртасида эса, Россия, Украина ва Беларусдан кейинги тўртинчи яхши кўрсаткичдир.

Футбол бўйича хотин-қизлар орасида бир неча бор Ўзбекистон чемпиони бўлмиш Қаршининг “Севинч” жамоаси кўплаб халқаро мусобақаларнинг совриндори саналади.

Мини-футбол бўйича Ўзбекистон хотин-қизлар миллий терма жамоаси ҳам қитъа ва халқаро миқёсдаги қатор халқаро турнирларда нуфузли ўринларни эгаллаган.

Аммо сўнгги йилларда ҳукумат миқёсида футболни ривожлантириш саъй-ҳаракатларига қарамай, Ўзбекистондаги кўплаб стадионларнинг бугунги аҳволи футболчилар ва ишқибозларнинг танқидлари остида қолиб келаётгани ҳам бор гап.

20 ёшгача бўлган хотин-қизлар ўртасидаги 2012 йилги Жаҳон чемпионатини октябрь ойида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Қўшни Қозоғистон яқинда минтақа давлатлари орасида биринчи бўлиб Қишки Осиё Ўйинлари каби нуфузли халқаро тадбирга мезбонлик қилган ва 2022 йилги Қишки Олимпиада Ўйинларини ҳам ўзларида ўтказиш даъвосида эканини яшираётгани йўқ.

Туркманистон ҳам қитъа ва жаҳон миқёсидаги йирик халқаро турнирларга мезбонлик қилиш учун Марказий Осиёдаги энг катта Олимпия мажмуасини қуришга киришган. 2016 йилда поёнига етиши кутилаётган янги лойиҳанинг нақ 5 миллиард долларга тушиши айтилади.

Биз ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев билан боғланиб, аввалига сўнгги хушхабар Ўзбекистонда қандай қарши олингани билан қизиқдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди