Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тошкентда ташкил этилган вақтинчалик ярмаркалар бозор нархларини туширишга хизмат қиладими?

Ўзбекистон матбуотидаги хабарларга кўра, Тошкент бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг тобора ўсиб боришига қарши чора сифатида ярмаркалар ва кичик дўконлар мажмуалари ташкил этилган.

Мазкур ташаббусга "Тошбозортайёрловсавдо" уюшмаси бошчилик қилмоқда.

Деҳқонларнинг эркин савдо билан шуғулланиши таъминланмаган шароитда вақтинчалик ярмаркаларнинг ташкил этилиши нақадар самарали?

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ йиллар хизмат қилган Аҳмад Хоразмийнинг Би-би-сига айтишича, бундай ярмаркаларнинг ташкил этилиши ҳақиқатдан ҳам нарх-навонинг тушишига хизмат қилади.

"Бу янги нарса эмас, Совет даврида ҳам бор нарса эди бу. Лекин, бу билан масалани ҳал қилиб бўлмайди. Негаки, бундай ярмаркаларни 1 кун, 3 кун, бир ҳафта ташкил қиласиз. Бутун умр ташкил қила олмайсизку!"- дейди Аҳмад Хоразмий.

Суҳбатдошимизга кўра, деҳқон бозорларидаги нархларнинг ўсиб кетиши, аввало, аввало ҳосилнинг ҳажмига, бундан ташқари, деҳқон ўзи етиштирган маҳсулотини ўзи сотишга имконли бўла олмаслигига боғлиқ.

"Бозорда коррупция жуда ривожланган. Деҳқон маҳсулотини олиб боради, у ерда ўтирган деҳқоннинг қўлидан маҳсулотни деярли мажбурий равишда олиб қолади. Ўзи қарийб бир ярим икки бараварга ўтириб сотади".

"Агар деҳқон маҳсулотини олиб бориб ўзи сотадиган бўлса, биринчидан арзон сотади. Иккинчидан у эрталабдан кечгача ўтирмайди, маҳсулотини сотадию, бориб ишини қилади. Шунинг учун, деҳқоннинг ўзига бермоқ керак имкониятни. Шуни таъминлаш керак, фақат қоғозда эмас, амалда таъминлаш керак", дейди Аҳмад Хоразмий.