Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Америкада 'Ватандош' номли ўзбекча газета чоп қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Газетани АҚШда яшовчи ўзбекистонлик Фарҳод Султонов ташкил этган

Американинг Нью Йорк шаҳрида илк бор ўзбек тилида "Ватандош" номли газета чиқа бошлади. Газетага АҚШда яшовчи ўзбекистонлик Фарҳод Султонов тарафидан асос солинган.

"Газетани ташкил этишга туртки берган нарса, манимча, Ватан соғинчи бўлса керак, Ватан соғинчи", дейди Фарҳод Султонов Би-би-си билан суҳбатда. Унга кўра, мақсад "ўзбекларга асосан маданий-маърифий мавзуда" хабарлар, мақолалар етказишдир.

"Биласиз, ҳамма жойда, чет элда юрган ўзбекларнинг асосий муаммоси - кейинги авлодда тилнинг йўқолиб бориши, урф - одатларнинг йўқолиб бориши. Ўша тил ва урф-одатларни сақлаб қолиш учун биз асосан тил, адабиёт, санъат, тарих мавзуларига эътибор қаратмоқчимиз", дейди Фарҳод Султонов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption 'Ватандош' газетасининг илк сони- сурат газета вебсаҳифасидан олинди

Газетани ойида икки марта чиқариш режаланган ва илк сони 3 минг нусхада чоп этилган. Фарҳод Султоновга кўра, газета жуда муваффақиятли тарқатилган. У ҳозир "Ватандош"нинг иккинчи сонини нашрдан чиқаришга ҳозирлик кўрилаётгани ва бу гал 5 минг нусхада чоп этиш кўзланаётганини айтади.

"Америкада 20дан ортиқ рус тилида газеталар бор. 17дан ортиқ покистонликларнинг газетаси, арабларнинг, яҳудийларнинг бир қанча газеталари бор. Ўзбеклар ҳам секин кўпайиб бораётган миллат. Уларнинг ҳам газетаси бўлсин деган мақсадда қилдик", дейди "Ватандош" газетаси асосчиси Фарҳод Султонов.