Ўзбекистонда ногиронлик тушунчаси қайта кўриб чиқилмоқда

Ўзбекистонда ногиронлик асосида давлатдан ёрдам пулини олишни йўлга қўювчи қонун-қоидалар ўзгартирилган. Ногиронлар қайта текширувдан ўтказилиб, тиббий ҳолати ўта оғир бўлмаган фуқаролардан ногиронлик имтиёзлари олиб ташланаяпти ёки уларнинг ногиронлик даражаси пасайтирилмоқда.

Янги қоида ўтган декабр ойида Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси тасдиқлаган қонунга асосланади.

Би-Би-Си билан суҳбатлашган ногиронларнинг айтишларича, бу кампания ўтган йилдан бери давом этаяпти.

Қашқадарёлик Соҳиба ўзининг ногиронлик ёрдам пулидан жорий йилнинг февралида айрилганини айтади.

"Мен иккинчи гуруҳ инвалиди эдим. Йиқилиб тушганимдан сўнг бошим чайқалиши ортидан мени хуруж тутади, шу хуруж учун ҳар йили бир мартадан комиссиядан ўтиб, пул олардим", - дейди у.

Соҳиба оҳирги текширув ортидан ўз ногиронлик даражасини сақлаб қола олмаганини билдирди.

"Ҳозир яна ўтдим, учинчи группага туширишмоқчи эди, мен ўзим хоҳламадим учинчи группани - давлат пул тўламас экан деб эшитдим", - дейди у.

Дарҳақиқат, янги қонунга биноан, учинчи гуруҳ ногиронлари энди имтиёз пулини олишмайди, бироқ уларга протез оёқ-қўллар, қўлтиқтаёқ ва ҳассалар, ногиронлик курсиси ва эшитиш асбоблари, ёки иш топишлари учун пул берилиши мумкин.

Аммо кўзи буткул кўр, ҳамда ногиронлик курсисига таяниб қолган тошкентлик Руслан ўз имтиёз пулини ҳали ҳам олаётганидан мамнун эканини айтди.

"Берилаяпти, Худога шукур. Бир ойга, компенсация билан бирга, 109 минг сўм атрофида оламан. Пул кўпроқ бўлса яхшию, лекин шунга ҳам шукур деймиз", дейди у.

Би-би-си ногиронлар ёрдам пули учун тиббий талаблар кескинлаштирилаётгани ҳақида билиш учун Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг Тошкент шаҳар бўлими раиси Ҳасанбой Бурҳоновга мурожаат қилди.

Жаноб Бурҳонов Ўзбекистонда ногиронлар қайтадан текширувдан ўтказилаётганини таъкидлади.

Унинг айтишича, баъзи бир янгиликлар тадбиқ қилинмоқда, аммо улар Ўзбекистондаги ногиронларнинг фаровонлиги учун қилинаётир.

"Баъзи бир оммавий ахборот воситаларида ҳаддан ташқари ортиқча шов-шувлар кўтариб юборилган, "ногиронларнинг гуруҳларини олиб қўйишаяпти" деган гаплар билан. Бундай ҳоллар ҳам бордир. Лекин умумий олиб қарасангиз, бу ёппасига бўлаётган ҳолат эмас", - дейди у.

Ҳасанбой Бурҳоновнинг айтишича, давлатдан имтиёз пулини олиш учун қалбаки даъволар ҳам қилинади.

"Ҳеч кимга сир эмас, баъзи бир соппа-соғ инсонлар ҳам ногиронликка ўтиб олаяпти баъзи сабабларга кўра. Бу сабабларни фақат ўзлари билишади. Шундай ҳолларнинг олдини олиш учун, чет элдагидек, ҳар бир группа даражага бўлинади. Масалан оёғи кесилган бўлса, тиззасидан юқорими, ё пастими, ўзига бировнинг ёрдамисиз қанчалар қарай олади ва ҳоказо. СССР давридан қолган биринчи, иккинчи, учинчи гуруҳ деган гаплар улар умумий. Шунинг учун тиббиёт мутахассисларига бу соҳани бошқатдан кўриб чиқиш ваколати берилган", - дейди жаноб Бурҳонов.

Унинг айтишича, қайта текширувлар жараёнида адолатсизликка ҳам қўл қўйилиши ҳоллари бор, аммо жабрланган ногиронлар Тошкентда Молия Вазирлиги қошида очилган махсус бўлимга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат этишлари мумкин.

Уруш ва Тинчлик Тадқиқотлари Институти хабар қилишича, ногиронлик имтиёзлари берилишини ҳал этувчи комиссия аъзоси ҳукумат томонидан ногиронлар сони қисқартилиши борасида махфий буйруқ берилганини билдирган.

"Бизга ногиронларнинг сонини камида 30 фоизга қисқартиринглар, ва яна шунча фоиз одамни биринчи ва иккинчи гуруҳдан пастки гуруҳга туширинглар деб аниқ буйруқлар беришди", - дея иқтибос келдиради институт шифокордан.

Ўзбекистонда ногиронлар имтиёзлари биринчи марта кесилаётгани йўқ. Ўтган йил февралида 80 мингдан ошиқ ўзбекистонлик ё ногиронлик мақомини йўқотган ё пастки гуруҳга туширилганди.