Ўзбекистон: таниқли сиёсий маҳбус Рашид Бекжон озодликка чиқарилди

Image caption Рашид Бекжон 12 йиллик қамоқ муддати ниҳоясида озодликка чиқарилган

Ўзбекистонда мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси фаоли ва партия раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси Рашид Бекжон қамоқхонадан озод этилган.

Яқинларининг Би-би-сига айтишича, Рашид Бекжон 12 март куни Хоразм вилоят Ички ишлар Бошқармасидан Янгибозор туманидаги уйига келган.

Яқинлари Рашид Бекжоннинг озод этилиши ўзлари учун кутилмаган хушхабар бўлганини айтишмоқда.

Шу ой бошида унинг қамоқхона тартибини бузганлиги важидан Навоий шаҳридаги қамоқхона карцерига ташлангани хабар қилинганди.

Рашид Бекжон 1999 йил февралида Тошкентда юз берган портлашлардан кўп ўтмай, ҳибсга олинган.

Ўзбекистон ҳукумати портлашларда "Эрк" партияси ва исломий экстремистларни айблаганди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Рашид Бекжоннинг мухолифат раҳбарининг укаси бўлгани учун қамоққа ташланганини айтиб, уни озод этишга чақириб келганлар.

"Қўнғироқдан қўнғироққача"

Рашид Бекжон 12 йиллик қамоқ муддати ниҳоясида озодликка чиқарилган.

1 феврал куни маҳбус билан кўришиш учун Навоийдаги қамоқхонага борган аёли Бозоргул Ўрозметовага қамоқхона маъмурлари унинг жазо ҳибсхонасида эканини айтишган, аммо нима учун бундай жазо қўлланилгани ҳақида маълумот беришмаган.

Бу эса, расмийлар Рашид Бекжоннинг жазо муддатини узайтириб қўймоқчи, деган хавотирларга сабаб бўлган эди.

Ўзбекистондаги тажрибага кўра, қамоққа ташланган сиёсий маҳбусларнинг жазо муддатлари турли важлар билан узайтириб келинади.

Айни пайтда Муҳаммад Солиҳнинг яна бир укаси Муҳаммад Бекжон қамоқхонада қолаётир.

Ўзбекистондаги тузум "Эрк" партиясининг қамоқдаги фаолларига нисбатан амнистия қўллашдан бош тортиб келади.

Тошкент портлашларида айбланган таниқли адиб Мамадали Маҳмудов ва 1990-йиллар ўрталарида давлат тўнтаришига уриниш айблари билан маҳкум этилган Мурод Жўраевларнинг жазо муддатлари тугагани ва соғлиги ёмонлигига қарамай, ҳануз қамоқда сақланмоқда.

"Эрк" фаолларига кўра, Рашид Бекжоннинг озодликка чиқарилиши ғарб билан мулоқотни қайтадан бошлашга уринаётган Ўзбекистон ҳукуматига халқаро босимларнинг натижаси бўлиши мумкин.