'Чегара билмас мухбирлар' Ўзбекистонни яна 'Интернет душманлари' рўйхатига киритди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Халқаро ташкилот Ўзбекистонни яна "Интернет душманлари" рўйхатига киритган

"Чегара билмас мухбирлар" бу йилги ҳисоботида ҳам Ўзбекистонни "Интернет душманлари" рўйхатига киритди.

Халқаро ташкилотнинг ушбу рўйхатида яна Хитой, Эрон, Шимолий Корея, Саудия Арабистони, Сурия, Куба ва Туркманистон бор.

"Чегара билмас мухбирлар" ўзининг янги йиллик ҳисоботини "Интернетда цензурага қарши кураш куни" арафасида эълон қилган.

"Дунёдаги ҳар уч интернет фойдаланувчисидан биттаси эркин интернетга кириш имкониятидан маҳрумдир. Олтмишга яқин давлат эса, интернетни турли даражада цензура қилади. Ўз қарашларини эркин ифодалашда интернетдан фойдаланганликлари учун дунё бўйлаб юздан ортиқ одам қамоққа ташланган. Булар кишини ташвишга солувчи маълумотлардир," дейди халқаро ташкилот Бош раҳбари.

"Чегара билмас мухбирлар", яна шунингдек, 16 та давлат интернетга оид зиддиятли сиёсатлари учун "кузатув остида" эканликларини билдирган.

100 саҳифали янги ҳисоботда репрессив тузумларнинг интернетни назорат этиш учун барча турдаги чораларни қўллашлари: цензурадан тортиб, ўзгача фикрдаги интернет фойдаланувчиларини қамоққа ташлаш ва интернетда кенг кўламли тарғибот ишларини олиб боришларини айтади.

Халқаро ташкилот Ferghana.ru, Nezavissimaya Gazeta (www.ng.ru), bbcuzbek.com,.. веб саҳифалари мунтазам равишда, Centrasia.ru каби веб саҳифалар қисман тўсиб қўйилганини айтади.

"Чегара билмас мухбирлар"га кўра, ҳукуматни танқид қилиш, иқтисодиётнинг ҳақиқий аҳволига оид маълумотлар, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳолат билан боғлиқ шароит Ўзбекистонда қалтис мавзулар саналади.

- Президент Ислом Каримов оиласининг шахсий бизнеси ёки қизларининг шахсий ҳаётлари, болаларнинг пахта далаларидаги мажбурий меҳнати ёки фавқулодда ҳолатларга оид мавзуларни муҳокама этиш тавсия этилмайди.

- Ёқилғи таъминоти билан боғлиқ муаммолар, инфляция, аҳолининг қамбағаллиги ва ижтимоий беқарорликларни тилга олиш эса, ниҳоятда қалтис ишдир.

- Андижон қирғинига оид ҳар қандай хабар умуман тилга олинмайди. Ўзбекистонда ўз-ўзини цензура қилиш кенг тарқалган, дейди "Чегара билмас мухбирлар".

Халқаро ташкилотга кўра, ўзбек масъуллари интернетни назорат этишни кучайтиришда давом этишар ва бунга қаршилик кўрсатувчи ҳақиқий фуқаролик жамияти ёки жиддий халқаро босим йўқ экан, Ўзбекистон киберфазосида сўз эркинлиги истиқболи қоронғулигича қолаверади.