Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик оиланинг Япониядаги ўғли ҳаётидан хавотирлари

Япониядаги ҳалокатли зилзила ва цунами ўзбекистонликларни ҳам ларзага солган.

Бутун бошли шаҳарлар сув остида ювиб кетилган Японида инсоний талофатлар сони кундан кунга ошиб борар экан, омон қолганларни топиш умидлари сўниб бормоқда.

Самарқандлик журналист Бахтиёр Шарипов Японияда яшаётган ўғли Ихтиёр ва япон келини, ҳамда набираларининг тақдиридан хавотирда эканини айтади.

Бахтиёр Шариповнинг ўғли оиласи билан Сайтама шаҳрида истиқомат қилади. Шаҳар цунами офатидан омон қолган.

Бироқ, Бахтиёр ака, Япониянинг фожеаси унинг учун барибир оилавий фожеани англатишини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Япониялик аскар Ишимаки шаҳридаги вайроналар орасидан мана бу тўрт ойлик чақалоқни қутқариб олди

"Ўғлимиз у ерда бўлгани учун, бу (воқеа) бизга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилди. Кейин телефон қилиб уландик. Ўғлим "биз томонларга етиб келмади, бу океан қирғоғида шаҳарларда бўлган" деб бизни тинчлантирди. Лекин, бизнинг оиламиз учун бу даҳшатли ҳол", - дейди Бахтиёр ака.

Ихтиёр япон рафиқаси билан Буюк Британияда таълим олаётган даврида танишган. Улар турмуш қуриб, Японияга кўчиб кетганлар. У ҳозир икки фарзанднинг отаси.

"Мен бориб келдим Японияга. Насиб қилган экан, бордим, кўришдим. Бу бошқа дунё... Икки неварача бизнинг тилни билишмайди. Ўғлим орқали келин билан гаплашиб ўтирдик. Уч хонали уйда туришар экан. Болалари билан япон тилида гаплашади, ажойиб. Болалари қараб туради ишдан келганида, "дада, дада" деб ўзбек тилида", - дейди Бахтиёр ака.

Япония ер силкинишлари одатий ҳолдир. Бахтиёр ака ҳам ўғлиникида меҳмон бўлган даври ер қимирлаган.

"Ўғлим, "қўрқманг, бу ерда кўп шундаё ер қимирлайди" деди. Улар ўрганиб кетишган, лекин бу даражадаги ер силкиниш биринчи марта бўлаяпти. Сайтамада ҳам 6 балл бўлибди, ўғлим ишхонасидан кўчага чиқишганини айтди".

Бахтиер Шарипов билан Душанбедаги мухбиримиз Мустахкам Тангриёрова сухбатлашган.