Юнусубод бозори улгуржи савдо расталари ва бозор ҳудудидаги ошхоналар бузиб ташланди

Юнусобод бозоридаги расталар икки кун ичида бузиб ташланган Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Юнусобод бозоридаги расталар икки кун ичида бузиб ташланган

Тошкент шаҳрини қайта қуриш режаси остида бораётган бузилишларда навбат Юнусубод бозорига етган.

Чоршанба ва пайшанба кунлари деҳқон бозорининг улгуржи савдо расталари ва бозор ҳудудидаги ошхоналар бузиб ташланган.

Бозорда қолаётган савдогарлар чакана савдо расталарининг ҳам бузилишини тахмин этишмоқда.

Раста ва ошхоналар эгалари бир кун аввал огоҳлантирилган. Уларнинг зарарларини қоплаш ҳақида бирон гап айтилмаган.

Юнусубод бозорида бўлган тошкентликлардан бирига кўра, деҳқон бозори аллақачон "текислаб ташланган".

"Деҳқон бозори текис бўлиб бўлибди. Ман ҳозир шу ердаман. Теп-текис қилиб ташланган. Раста қолмаган, ҳамма темирлар четда турибди. Ҳеч ким йўқ, бир кунда тозалаб ташлашибди".

Суҳбатдошимиз савдогарларнинг қаерга кўчирилганларидан бехабар эканини айтади.

Айрим тахминларга кўра, бозорнинг бузилиши унинг яқинидаги ҳашаматли Мегапланет гипермаркети очилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Янги гипермаркетнинг кимга тегишли экани эса, номаълум.

Ой бошида Тошкентдаги йирик Turkuaz савдо маркази ёпилган ва расмийлар буни Ўзбекистон қонунларининг кўп маротаба бузилиши сабаб бўлгани билан изоҳлашганди.