'Мемориал': 'Ўзбекистонда Ливиядаги каби ҳодисалар эҳтимоли бор '

Image caption "Мемориал"га кўра, Ўзбекистонда охирги йилларда диний-сиёсий айбловлар билан тазйиқлар кучайган.

Россиянинг "Мемориал" инсон ҳуқуқлари ташкилоти чиқарган янги ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда охирги йилларда сиёсий айбловлар билан қамоқ жазоларига тортилганлар сони ортиб, тазйиқлар кучайган.

Бу эса ўз навбатида Ливиядаги каби қудрат учун курашиш эҳтимолини келтириб чиқармоқда, дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот муаллифларидан Виталий Понамарев Би-би-си билан суҳбатда Ливиядаги каби ҳодисаларнинг Ўзбекистонда такрорланиши эҳтимолининг белги ва далиллари ҳақида айтиб берди.

Виталий Понамарев: Президент Каримовнинг терроризмга қарши кураш баҳонаси остида ўтказаётган тазйиқлари жуда кенг миқёс олган ва жамиятнинг кенг қатламларини қамрагана. Ана шу жиҳатдан бу тазйиқлар бутун минтақадаги барқарорликка хавф солувчи омилга айланди. Иккинчидан, шундай далиллар борки, Андижон вилоятида 2009 йили бўлиб ўтган ҳодисалар Ўзбекистонда норасмий, кўп ҳолларда ҳаттоки номга эга бўлмаган турли мухолиф жамоаларнинг пайдо бўлишига туртки берди. Бу жамоалар Ўзбекистондаги вазиятни тинч йўл билан ўзгартириб бўлмайди, деган қарашга эгалар. Уларнинг қарашларини ҳозирда Ливияда бўлиб ўтаётган ҳодисаларга қиёс қилсак бўлади.

Би-би-си: Бу жамолар таркибидагилар сони қанча ва уларнинг мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни қаердан олгансиз?

Виталий Понамарев: Бу маълумотлар сўров натижасида, жумладан бу жамолар аъзолари билан мулоқотда бўлган, Ўзбекистонни тарк этган шахслар билан суҳбатлар орқали олинган. Шуни таъкидлаб айтмоқчиманки, сўз бу ерда мамлакат ичкарисидаги кайфиятлар ҳақида кетмоқда, хоржда бирон гуруҳлар ташкил этиш ҳақида эмас. Бу каби жамоларнинг вужудга келиши эса кенгроқ миқёсдаги жамият ичидаги кайфиятларни акс эттиради. Ана шундан келиб чиқиб, хулоса қилдикки, агарда бирон жиддий туртки бўлса бу каби жамоаларнинг фаоллашуви ва бирлашувини башорат қилиш мумкин.

Би-би-си: Ана шундан келиб чиқиб "аҳоли орасида тинч йўл билан ижобий ўзгаришларга эришиб бўлмаслиги ҳақидаги фикрлар тобора кўпроқ тарқалмоқда", деган хулосага ҳам келганмисизлар?

Виталий Понамарев: Ижобий ўзгаришларга эришиш мумкинми-мумкин эмаслиги ҳақида сўз кетаётгани йўқ, гап шундаки ҳукумат мулоқот учун имкон қолдирмаяпти ва тобора кўпроқ одамлар ё мамлалкатдан чиқиб кетиб, яширинишга мажбурлар ё-да сохта айбловлар асосида панжара ортига ташланиб, қийноқларга тутилмоқдалар. Ана шу каби аҳволда адолатга эришиб бўлмайди ва аҳолининг бир қисми ё хорижий радикал гуруҳлар таркибига қўшилмоқда ё мамлакт ичкарисида бирон амалга қўл уришга мажбур бўлмоқдалар.

Би-би-си: Демак сизнинг таъбирингизча "бирон амалга қўл уришга" тайёрлар бор Ўзбекистонда, лекин иккинчи томондан маҳкамалардаги айбловлар сохта деяпсиз, балки сизнинг сўзларингиз асосида айтадиган бўлсак, расмийларда айбловлар учун асос бордек?

Виталий Понамарев: Келинг гапни шундан бошлайлик, халқаро даражада диктаторлик режимларига қарши кураш ҳуқуқи ҳар бир халқда борлиги тан олинади. Ўзбекистонда минглаб одамлар экстремизм ва фундаментализмда айблар билан қамоққа ташланган, лекин қонунда экстремизм билан фундаментализм айнан нима эканлиги аниқ кўрсатилмаган. Яна кўплаб одамлар таъқиқланган адабиётларни сақлаш айби билан қамоққа ташланган, лекин бу каби адабиётларнинг ҳам тасдиқланган рўхати йўқ, таъқиқланган гуруҳлар ҳам қайд этилмаган. Хуллас ҳар қандай сўзлашув ёда адабиёт аксилҳукумат фаолияти сифатида талқин қилиниши учун дарвозалар кенг очиқ. Ана шу каби вазият қонуний доирада ҳар қандай курашни олиб бориш ёда норозиликни изҳор этиш имкониятларини бутунлай чипакка чиқаради.

Би-би-си: Нима учун Марказий Осиё давлатлари орасида Ливиядаги каби ҳодисалар рўй бериш эҳтимоли айнан Ўзбекистонда бор, деган хулосага келгансизлар, бошқа давлатларда эмас?

Виталий Понамарев: Ижтимоиий барқарорлик ва адолат муаммолари ҳамма Марказий Осиё давлатларида турли даржада мавжуд. Ҳисоботимизда Ўзбекистондаги сиёсий тазйиқлар ҳақида сўз кетган экан, ана шу каби кенг миқёсда сиёсий тазйиқлар қўшни давлатларнинг биронтасида мавжуд эмас. Сиёсий маҳбуслар бошқа давлатларда ҳам бор, авторитаризм ҳам бор, лекин оммавий равишдаги тазйиқлар айниқса Ўзбекистонда беқарорликни келтириб чиқарувчи жиддий омилдир ва бу тазйиқларнинг охирги йилларда ошгани муаммони янада жиддийлаштиради.