Президент Каримов ўзбекистонликларни ҳушёрликка чақирди

Image caption Президент Каримов бу сафар ҳам рақсга тушган ва саҳнадаги қўшиқчилардан баъзиларини қучоғига босган

Ўзининг Наврўз табригида Президент Ислом Каримов ҳозирги "ўта нотинч даврда" мамлакатдаги тинчлик ва осудаликни қадрлашга чақирган.

Наврўз байрами муносабати билан Тошкентда ўтган расмий маросимда гапирган жаноб Каримов Ўзбекистон мустақиллик йилларида эришган ютуқларни кўз қорачиғидек асраш ва сезгир бўлиш ҳақида огоҳлантирган.

"Эл-юртимиз нимаики натижаларни қўлга киритмасин, буларнинг барчаси юртимизда тобора мустаҳкам бўлиб бораётган тинчлик ва осудалик, миллатлар, динлар ва фуқаролараро тотувлик ва аҳиллик, бир-биримизга ҳурмат ва эҳтиром ҳисобидан, десак, ўйлайманки, ҳеч қандай хато бўлмайди", деб айтган Президент Каримов.

Ливия услубидаги инқилоб?

Хорижий дипломатлар қаршисида гапирган Ўзбекистон раҳбари Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги воқеаларни тилга олмаган, аммо унинг таъбирича, "фуқаролараро тотувлик ва аҳиллик"нинг муҳимлигини урғулаган.

Ўзбекистон раҳбарияти, минтақадаги қўшни давлатлардан фарқли ўлароқ, Араб дунёсини ўз забтига олган инқилобларга расмий муносабат билдирмаган.

Қўшни Қозоғистон ва Тожикистон расмийлари бу каби инқилобларнинг юз бериш эҳтимолини истисно қилишган.

Аммо кузатувчиларга кўра, ўзбек ҳукуматининг сукут сақлаётгани унинг воқеалардан ташвишда эмаслигини англатмайди.

Ҳукумат Тунис ва Мисрдаги ҳокимият ўзгаришларидан сўнг Ўзбекистонда интернет ва ахборотни чекловчи қатор чораларга қўл урган.

Жумладан, журналистларга хорижий элчихоналар билан алоқалари ҳақида расмийларга маълумот бериш ҳақида кўрсатма берилган ва хабарларга кўра, мобил алоқа ширкатлари оммавий SMS ларни назорат қилиш ҳақида огоҳлантирилган.

Ғарбдаги таҳлилчилар Марказий Осиё тузумлари билан Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги тузумлар орасида ўхшашликлар кўплиги ва минтақада араб услубидаги инқилобларнинг юз бериш эҳтимоли катта эканини айтишмоқда.

Ўтган ҳафта Москвадаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази Ўзбекистонда сиёсий репрессиялар кучайгани ва Ислом Каримов ҳокимиятда қолиш учун Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий сингари ўз халқига қарши жанг қилишдан ҳам қайтмаслигини айтган.

"Мемориал" ҳисоботи ҳақида батафсил мана бу ерда

"Мемориал" га кўра, воқеаларнинг бу каби ривожланиши минтақа учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳи Ғарбни Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар манзарасида Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқиш ва бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг аянчли аҳволига кўз юммаслик ҳақида огоҳлантирган.