"Ўзбекистонда араб давлатларидагидек революция бўлмайди" - шарҳловчи

Image caption Рафик Сайфуллинга кўра, ўзбекистонликлар сиёсатга қизиқмайди

Ўзбекистондаги интернет нашрларидан бири сиёсий шарҳловчи Рафик Сайфуллиннинг араб давлатларидаги каби ҳодисаларнинг Ўзбекистонда келиб чиқиши учун омиллар йўқлигини айтган мақоласини чоп этган.

Жаноб Сайфуллинга кўра, Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистонда, ўзига яраша муаммолар мавжуд, аммо бу араб давлатларидаги ҳодисалар ва вазият билан паралеллар ўтказишга асос бермайди. Нима учун? Би-би-си бу савол билан Рафик Сайфуллинга мурожаат этди.

Сайфуллин: Аввал бошиданоқ Ўзбекистондаги умумий сиёсий-ижтимоиий шароит, аҳоли менталитети, умумий вазият ва интилишлар араб давлатларидагидан катта фарқ қилади. Иккинчидан эса, ташқи кучлардан биронтасига ҳам бу ердаги вазиятнинг беқарорлашиши керак эмас.

Би-би-си: Ички омилларга тўхталсак, сизнинг мақолангизда аҳолининг сиёсий курашга қизиқиши йўқлиги ва, асосан, нон топиш билан машғуллиги, ёшлар замонавий матбуот воситаларидан кўпда бизнес ва ўзаро мулоқот учун фойдаланиши каби бир қарашда жамият учун салбий омилларни, ижобий омил сифатида тақдим қилишга уриниш кўринаётгандек.

Сайфуллин: Ҳа, менинг фикримча, жорий вазиятда бу омиллар ижобийдир: аҳолининг аксар қисми қандай қилиб бир сўмни икки сўм қилсам экан деган ўй-фикрда. Сиёсат ҳақида эса фақатгина ошхонада гаплашадилар. Чунки, биринчидан ҳеч ким ўзининг сиёсий ҳаётдаги иштироки бирон ўзгартириш келтиради деб ишонмайди. Албатта, бу салбий жиҳат, лекин бошқа томондан, агар ҳамма ҳам сиёсатни яхши тушунмай унга берилиб кетса, бу ҳам яхшиликка олиб келмайди.

Би-би-си: Яъни Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий доиралар учун яхшиликка олиб келмайди, шундай демоқчимисиз?

Сайфуллин: Ҳозирги вазиятда бу нафақат сиёсий доиралар, балки ҳамма учун яхши. Биласизми, баъзида сувни лойқалатмаган маъкулроқ. Керак бўлганда, сув ўзи қайнаб чиқади.

Би-би-си: Демак, араб давлатларидаги каби ҳодисалар учун Ўзбекистонда омиллар бўлмаса, Ўзбекистон ҳукумати нима учун бирон муносабат билдирмайди, матбуот нимага ёритмайди? Бу аслида ҳодисаларнинг такрорланишидан хавфсираш борлигидан далолат бермайдими?

Сайфуллин: Агар эътибор берсангиз, бу Ўзбекистонда анчайин анъанага айланган ҳолат. Масалан, Ироқда нималар бўлаётгани ҳақида гапирилмайди, Афғонистонда нималар рўй бераётгани ёритилмайди. Бунинг ортида шундай мантиқ бор: одамларни жунбушга келтирмаслик учун эмас, аслида бу каби интилиш бор бўлса ҳам, асосий мантиқ - "бу бизнинг ишимиз эмас. Кимдир бир-бири билан уришяптими, ўзлари ҳал қилсин." Мана бир неча йил аввал Ўзбекистон Ироққа ҳарбий шифокорлар гуруҳини жўнатишини маълум қилди, лекин сал ўтмай "керакми бизга шу нарса" деган фикр пайдо бўлди. Хуллас, бу анъанавий муносабат, "биз ўзганинг томорқасига бош суқмаймиз". Лекин сиёсий доиралар араб давлатларидаги вазиятни жуда диққат билан кузатмоқдалар. Халқнинг ҳам ҳеч нимадан хабари йўқ деб бўлмайди, улар турли йўллар билан бу ҳодисалар борасида маълумот олмоқдалар, ўзларининг фикр ва муносабатига эгалар, лекин аксар ҳолда ошхонада ойига 10 долларга тенг маош олиб ишлаётган фаррош аёлнинг фикри-зикри барибир қандай қилиб кун кечиришда.

Би-би-си: Расмий сиёсат атайлаб шундай юритилмоқда, ҳар бир шахс бир бурда ноннинг кетидан югуриб бошқа нарсаларга аралашмасин - шундай десак бўладими?

Сайфуллин: Фикримча, аксар ҳолларда шундай, лекин бошқа томондан, бу ёмон нарса ҳам эмас. Одам автомат калашников қидирганидан кўра, нон қидиргани яхши эмасми?

Би-би-си: Лекин, одамларга ўз иродаларини тинч йўл билан изҳор қилиш имкони берилса, улар бу имкониятдан албатта фойдаланидалар ва ҳеч ким калашников қидирмайди, шундай эмасми?

Сайфуллин: Умуман олганда, ҳа, шундай. Лекин улар бу имкониятдан саводли равишда фойдалана олармиканлар?

Би-би-си: Агар имкон яратилса, бу каби саводни олиш муаммо эмаску?

Сайфуллин: Ҳа, албатта бўлади, йиллар эмас, балки авлодлар оша эришса бўлади. Мана мен, атрофимга назар ташласам, кўпчиликнинг ҳеч нима учун курашиш иштиёқи йўқ. Лекин, бу аксарият мавжуд вазиятдан қониқади, дегани эмас: норозилар бор, норозиликни изҳор этиш кайфиятлари ҳам бор, лекин танглик ва чорасизлик даражаси у қадар юқори эмас.