Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ҳажга борадиганлар сонини Ўзбекистон атайдан чеклайди'

Ўзбекистондан 2011 йилда 3600 мусулмон кичик Ҳаж ёки Умра зиёратини адо этади.

Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари қўмитаси маълум қилган.

Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра зиёратини ташкил этиш билан президент фармони асосида ташкил этилган махсус жамоатчилик кенгаши шуғулланади.

Марказий Осиёнинг энг кўп мусулмон аҳолиси яшайдиган ва Ислом қаттиқ назорат қилинадиган Ўзбекистондан ҳар йили тўрт минг атрофида мусулмонлар Ҳаж зиёратини адо этишади.

Хўш, ҳар йили Ўзбекистондан 4000 мусулмонга Саудия Арабистонидаги муқаддас зиёрат амалларига рухсат этилиши кўпми ёки камми?

Умуман, Ҳаж ва умра зиёратлари Ўзбекистонда қандай бошқарилади?

Тошкентдаги "Тўхтабой" масжидининг собиқ имоми, ҳозирда Швецияда муҳожирликда истиқомат қилаётган таниқли уламо Обидхон қори Назаровнинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинганининг дастлабки йилларида муқаддас зиёратларни ташкиллаштириш вазифаси Мусулмонлар идорасига юклатилган, ўшанда ўнлаб йиллардан буён Ҳаж зиёратини орзу қилиб юрган кўпчилик бу амалларни адо этишга муваффақ бўлганлар.

"Ўша пайтда порахўрликлар ёки бошқа қинғир ишлар содир бўлмади", дейди Обидхон қори Назаров.

Таниқли уламо Ўзбекистонда Дин ишлари қўмитаси ташкил этилиб, Ҳаж зиёратлари унинг зиммасига юклатилганидан кейин "ишлар орқага кетди" дея таърифлайди.

Ўзбекистонга Ҳаж зиёратига борадиган мусулмонлар учун тўрт минг атрофида квота белгилангани ҳақидаги саволга жавобан Обихон қори Назаровнинг айтишича, Саудия Арабистони ҳар йили бир миллион одамга 1000 ўрин ажратади.

"Ҳаж зиёратчилари сони ана шундан келиб чиқиб белгиланиши керак. Лекин Ўзбекистонга ўхшаш диктатура тизимидаги давлатлар буни эътиборга олишмайди. Ўзлари хоҳлаган миқдор билан чеклашади. Яна тўғрисини айтмасдан, буни сабабини Саудия Арабистонига боғлаб одамларни чалғитишади. Бундай чекловлар аслида бўлмаслиги керак", дейди Обидхон қори Назаров.

Сиз бу борада қандай фикрдасиз?