Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Футбол: 'Япония терма жамоаси барибир кучли рақиб'

Япониялик футболчилар Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси билан режаланган ўртоқлик учрашувида майдонга тушиш учун Тошкентга етиб келишган.

Ўзбекистон-Япония ўртоқлик учрашувлари 26 ва 29 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

11 март куни юз берган қақшатқич зилзила ва цунами сабаб Япония миллий чемпионатидаги март ойига режаланган барча учрашувлар бекор қилинган ва Ўзбекистон тарафининг ташаббуси билан икки мамлакат терма жамоалари ўртасидаги икки ўйинни Токиодан Тошкентга ўтказишга келишилганди.

Ўзбекистонлик футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевга кўра, ўйинлар 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига тайёргарликлар билан боғлиқ.

"Бу зилзила бўлишидан олдин иккала футбол федерацияси тарафидан келишиб қўйилган эди. Зилзила воқеаларидан кейин бу ўйин ўтказилмай ҳам қолиши мумкин эди. Лекин, Ўзбекистон футбол федерацияси ташаббус билан чиқди. Яъни, "кучли рақиб билан тайёргарлик ўтишига имкон яратилади", деб шунақа таклиф билан чиқди ва мана шу таклифга асосан, Япония ўйинчилари Тошкентга етиб келишди", дейди шарҳловчи.

Аброр Имомхўжаевга кўра, ўйинлар 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига тайёргарликларга боғлиқ бўлганлиги учун ҳам Ўзбекистон тарафи учун муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари финал босқич беллашувларига чиқиш ҳуқуқини қўлга киритиш ниятида.

"Сабаби, Лондон Олимпиадасига саралаш учрашувларига кўп муддат қолаётгани йўқ. Ўзбекистон олимпиадачилари ўз кучларини синаб кўриш учун ҳам Осиёдаги кучли жамоалар билан ўйнаши белгилаб қўйилган эди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Япония биз учун жуда ҳам бир кучли, ўйнаб ўзимизнинг кучимизга баҳо берадиган рақиб, деб ҳисобласак бўлади", дейди Аброр Имомхўжаев.

Япон терма жамоаси Ўзбекистон учун кучли рақиб ҳисобланса-да, ўйинлар Япониядаги зилзила билан боғлиқ инқироз манзарасида кечмоқда. Бунинг ўйин натижаларига қанчалар таъсири бўлиши мумкин? Аброр Имомхўжаевнинг айтишича, бу ҳақда ҳозирдан бир нарса дейиш қийин.

"Таъсир қилиши мумкин, лекин жуда ҳам катта бўлмаса керак. Сабаби, у ердаги воқеалар содир бўлгани билан, барибир футболчилар машғулотларга қатнашиб туришибди ҳозир. Яъни, бир йил ёки икки йил давомида машғулотларсиз қолиб кетмаган. Бизда ҳали аниқ маълумот йўқ, балки қайсидир Япония ўйинчиларининг оиласига бир нарса бўлган бўлса, руҳий жиҳатдангина улар қийналишлари мумкин. Спорт даражасидан олганда, Япония барибир кучли рақиб ҳисобланади".