Покистон Бош вазири Ўзбекистонга жўнаб кетди

Юсуф Ризо Гийлоний
Image caption Юсуф Ризо Гийлонийнинг Тошкентга сафари Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш саъй-ҳаракатлари бир қисмидир

Пайшанба куни Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Гийлоний Ўзбекистонга икки кунлик сафарини бошлади.

Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Гийлоний Тошкентда ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан кўришган.

Ўзбекистон пойтахти Тошкентга жўнаб кетиш олдидан мухбирларга гапирган Бош вазир Гийлонийга кўра, расмий сафардан мақсад икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик муносабатларни қайта жонлантиришдир.

Бундан ташқари Покистон Бош вазирининг Тошкентга сафаридан Ўзбекистонга савдо ва энергетика соҳаларида иккитомонлама алоқаларни мустаҳкамлаш кўзда тутилгани айтилади.

Хабарларга кўра, Покистон Бош вазири Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Дилором Тошмуҳаммедова билан учрашиши режаланган.

Юсуф Ризо Гийлонийга кўра, ўзбек расмийлари билан икки томонлама савдо алоқаларини кенгайтириш ва транзит савдо бўйича битимни муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Афғонистондаги вазият ва минтақада жангарилик ҳамда ноқонуний гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда Марказий Осиёнинг роли масаласи ҳам икки ўртадаги музокаралар мавзуси бўлиши айтилади.

Энергия ҳамкорлиги бўйича лойиҳа масаласи

Айни пайтда Ўзбекистон ва Покистон раҳбарларининг учрашувлари чоғи Покистон иштирок этаётган САSA-1000 лойиҳаcи мавзуси ҳам кўтарилиши мумкинлиги айтилади.

Ўзбекистон Покистонга Тожикистондан 1000 МВТ электр энергияси импорт қилишига имконият берувчи лойиҳага қарши чиқмоқда.

Ўзбекистонга кўра, Тожикистон ва Покистон ҳукуматлари ўртасида келишилган "ушбу лойиҳа халқаро қонунларга зиддир".

Яқинда Покистон чиқадиган Dawn газетасининг Покистон ҳукуматидаги ишончли манбаларга иқтибосан ёзишича, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Ориф Каримов ўтган ҳафта Покистон Сув ва Энергия вазирлиги масъуллари билан мулоқот ўтказиб, айни масалада Ўзбекистон ҳукумати норозилик нотасини топширганди.

Хабарда таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Исломобод расмийларига мазкур лойиҳага нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон ва Туркманистон ҳам қарши эканликларини айтган.

Ориф Каримовнинг айтишича, Тожикистонда "Роғун" ГЭСининг барпо этилиши минтақа мамлакатлари атроф-муҳитига салбий таъсир кўрсатади.

Қиймати 6 миллиардга баробар бўлган CASA - 1000 номли лойиҳа Қирғизистон ва Тожикистон электр энергиясини Покистонга етказиб беришни мақсад қилган.

Ўзбекистон норозилик нотасида Покистондан минтақа давлатларидан халқаро меъёрларга риоя этишни талаб қилишни сўраганди.

Юсуф Ризо Гийлонийнинг Тошкентга сафари Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш саъй-ҳаракатлари бир қисмидир. Гилоний яқинда Тожикистон ва Қирғизистонга расмий сафар билан борганди.