Тошкентда Гийлоний билан 'терроризм масаласи ҳам мубоҳаса этилади'

Тошкентда Гийлонийни Бош вазир Шавкат Мирзиёев кутиб олган. Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Тошкентда Гийлонийни Бош вазир Шавкат Мирзиёев кутиб олган.

Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Гийлоний Ўзбекистонга икки кунлик сафарини бошлади. Тошкентда уни Бош вазир Шавкат Мирзиёев кутиб олган. Ўзбекистонга жўнаб кетиш олдидан мухбирларга гапирган Бош вазир Гийлонийга кўра, расмий сафардан мақсад икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик муносабатларни қайта жонлантиришдир. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Покистон билан иқтисодий ва тижорий алоқалар жонланган, лекин бир оз ўтиб, яна пасайгани кузатилганди. Биз Марказий Осиё билан алоқаларни кузатиб келувчи Покистонда чоп этиладиган Доун газетаси мухбири Иттишам Ул Ҳақдан Бош вазир сафари ҳақида сўрадик:

Иттишам Ул Ҳақ: Покистон расмийлари сафардан асосий мақсадларни икки томонлама тижорат, иқтисодий ва сиёсий алоқаларни мустаҳакамлаш, дея тақдим қилишмоқда. Покистон Марказий Осиё давлатлари билан яхши муносабатлар ўрнатишга интилмоқда. Бу Бош вазир Гийлонийнинг Ўзбекистонга биринчи сафаридир. Лекин, юқорида айтилган мақсадлар билан бирга минтақадаги терроризм хавфини муҳокама қилиш ҳам кун тартибидан ўрин олган. Покистон бу масалада халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилиб келмоқда ва Ўзбекистон томони билан кўриб чиқиладиган мавзулар орасида ҳам бу асосийларидан бири бўлади. Биласизки, Покистонда баъзи маълумотларга кўра юзлаб, бошқа маълумотларга кўра эса, минглаб ўзбек жангарилари борлиги айтилади. Покистонда қачон жангарилар ҳақида гап кетса, толиблар билан бирга фаолият олиб бораётган ўзбек жангарилари масаласи ҳам чиқиб келади.

Би-би-си: Икки томон бу масалани муҳокама қилган вақтлари мавқеълари қандай? Фикрлар бир ердан чиқадими ёки бир-бирларини айблаш ҳоллари ҳам борми?

Иттишам Ул Ҳақ: Ижобий томони шуки, иккала томоннинг ҳам бу борада фикри ўхшаш ва улар буни умумий хавф сифатида кўрадилар. Иккала томон ҳам бу каби амалларга хоҳ Ўзбекистонда бўлсин, хоҳ Покистонда алоҳида шахслар ва алоҳида ташкилотлар қўл ураётганлиги ҳақида ҳамфикрлар. Яъни, айтмоқчи бўлганим, бу масалада икки ўртада ишончсизлик йўқ. Хабарларга кўра, бу амалиётларга қарши курашни расмийлаштириш йўлида бирон ҳужжат имзолаш ҳам назарда тутилган.

Би-би-си: Покистон Бош вазири сафари кун тартибида иқтисодий-тижорий масалалар устунроқми ё-да, террорчилик ва жангарилар масаласими?

Иттишам Ул Ҳақ: Менимча, бу икки масала ҳам кун тартибида юқори ўринда. Покистон минтақа билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш йўлида бирон стратегия ишлаб чиқишга уринмоқда. Лекин, терроризм масаласи ҳам ўта муҳим. Покистон учун бу жуда катта муаммолар туғдирмоқда. Маълумотларга кўра, 11 - сентябр ҳужумларидан сўнг, Покистон 46 миллиард доллар йўқотган. Сармоядорлар келмай қўйишган. Покистон Бош вазирига шахсий ишбилармонлар ҳам ҳамроҳлик қилмоқдалар, улар Ўзбекистондаги бизнес вакиллари билан учрашиб, алоқалар ўрнатишга ҳаракат қиладилар.

Би-би-си: Яқинда ўзбек томони Тожикистон ва Қирғизистондан Покистонга электр энергиясини етказишни кўзда тутган лойиҳага норозилик билдиргани ҳақида хабарлар чиққанди, бу каби ҳолат икки томон муносабатларига не қадар таъсир қилади, деб ўйлайсиз?

Иттишам Ул Ҳақ: Мен бу ҳолат муносабатларга катта таъсир кўрсатади, деб ўйламайман. Албатта, Покистон энергияга муҳтож давлат. Бу борада ҳамма Марказий Осиё давлатлари ва Яқин Шарқ билан ҳам ҳамкорлик ўрнатишга ҳаракат қилиб келмоқда. Ўзбекистон бу соҳада ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган давлатлардан биридир. Ўзбекистоннинг норозилиги дипломатик қонун-қоидалар доирасида билдирилди, деб ишонаман.

Би-би-си: Лекин, Покистон Тожикистон ва Қирғизистон билан энергия соҳасида бирон битимларга эришишдан аввал Ўзбекистон норозилигини инобатга олади, деб ўйлайсизми?

Иттишам Ул Ҳақ: Албатта, менимча сафар шундай режаланганки, агарда Ўзбекистон томонининг бирон норозилиги ё-да, шикоятлари бўлса, Покистон ҳукумати, албатта, уларга қулоқ тутиб, кўриб чиқишга тайёр. Фикримча, икки томон алоқаларни кенгайтириш йўлида умумий бир мавқеъни ишлаб чиқиш йўлида ҳаракат қиладилар.