Икки қочқиннинг Тошкентга қайтарилиши бекор қилинди

Image caption "Бошпана ҳуқуқи" дастури ҳимоячилари ўзбекистонликларни Тошкентга қайтариш тенденцияси ўзгараётганини айтишмоқда

Россиянинг "Бошпана ҳуқуқи" дастури хабарига кўра, Ўзбекистонга чиқариб юборилиши кутилган икки кишининг шикояти қондирилган.

Бош прокуратура Ўзбекистон фуқароси Бобиржон Тўхтамуродов ва Қирғизистон фуқароси Жаҳонгир Обидов Ўзбекистонга топширилиши керак дея қарор қилганди, бироқ Новосибирсклик ҳакам бу қарорни ноқонуний деб топган.

Икковлон ҳам Ўзбекистон томонидан қидирувда бўлиб, диний қарашларга асосланиб давлатга қарши жиноятларни амалга оширишда айбланганлар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қийноқлар бўйича маърузачиси, ҳамда Оврўпо Инсон Ҳуқуқлари Маҳкамаси Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам равишда қўлланишини хулоса қилган ва гумондорларнинг у ерга қайтарилмаслигини тавсия бериб келади.

Новосибирск маҳкамаси ҳам халқаро ташкилотлар, ҳамда Оврўпо маҳкамаси хулосаларидан иқтибос келтириб, агар икковлон Ўзбекистонга қайтарилса "шафқатсиз, ноинсоний ва инсоннинг қадр-қимматини камситувчи муносабат ва жазоларга тортирилиши" хавфи борлигини айтган.

"Тенденция" синдирилдими?

"Бошпана ҳуқуқи" дастури раҳбари Елена Рябинина ҳакам қарорини олқишлади.

"Менимча, бир қатор Страсбург (Оврўпо Инсон Ҳуқуқлари маҳкамаси) қарорлари туфайли Россиядаги тенденцияни синдиришга муваффақ бўлдик. Россия Олий Маҳкамаси бу каби ишларга ўз муносабатини ўзгартирди, бу аслида ҳам шундай бўлиб қолади деб умид қиламан", - дейди Рябинина хоним.

Жаҳонгир Обидовнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши бўйича қарор ўтган йил декабрида Оврўпо маҳкамаси томонидан ноқонуний деб топилган ва иш Новосибирск маҳкамасига топширилган.

Обидовни Тошкентга олиб кетиш учун Новосибирскка ҳатто ўзбек хавфсизлик кучлари гуруҳи келган.

Ҳимоячилар Бобиржон Тўхтамуродов ишининг Страсбургдаги маҳкамага оширилмасдан, ижобий ҳал этилганидан ўта мамнунликларини айтишмоқда.

Маҳкама қарорига ҳурмат

Елена Рябининанинг айтишича, ҳимоячилар ва озод этилган Тўхтамуродов ва Обидовлар маҳкама биносидан чиқишлари билан Федерал Миграция Хизмати, Ички Ишлар Вазирлиги ва Федерал Хавфсизлик Хизмати ходимлари томонидан кутиб олинганлар.

Расмийлар икковлоннинг паспортлари ҳали маҳкама томонидан қайтарилмаганини ҳисобга олмай, "ҳужжатсиз" келгиндиларни идорага олиб кетишга шайланганлар, бироқ ҳимоячилар уларни тўхтатиб қолишга муваффақ бўлишган.

Ҳимоячилар икковлонни Ўзбекистонга қайтармаслик бўйича Оврўпо маҳкамаси қарори борлигини эслатганларида, миграция расмийси бу "умуман тўсиқ" эмаслигини айтган.

"Ўзбекистонга қайтарилиши борасида қарор чиқарилган шахсларни қайтаролмай қолганларида, бизнинг қўштирноқ ичидаги жасур хавфсизлик кучларимиз, кечирасизу, ҳуқуқни кўмадиган идоралар, қандай йўл билан бўлмасин, ўз ўзбек ҳамкасбларининг илтимосини қондиришга уринадилар", - дейди Рябинина хоним.

"Хавфсизлик кучларига мағлубият ёқмайди ва улар ўз мақсадларига эришиш учун ҳар нарсага тайёрлар", - дейди ҳимоячи.

Бобиржон Тўхтамуродов ва Жаҳонгир Обидовлар энди Россия ҳукуматидан вақтинчалик бошпана сўраш учун ариза топширмоқчилар.

Икковлон Новосибирскдаги СИЗОда танишганлар: Тўхтамуродов у ерда етти ой, Обидов эса тўққиз ой ушлаб турилган.