Ўзбекистон Покистонга 1 миллион той пахта етказиб бермоқчи

Ўзбекистон ҳукумати Покистонга 2011 йил, 30 июнига қадар 1 миллион той пахта етказиб беришга рози бўлган.

Бу ҳақда ўтган ҳафта Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Гийлонийнинг Ўзбекистонга сафари чоғи келишилган.

Хабарларига кўра, Ўзбекистон бу билан пахта етишмовчилиги боис ёпилиш хавфи остида қолган Покистондаги тўқимачилик саноатини сақлаб қолишга кўмак беради.

Гийлоний жаноблари билан бирга Тошкентга сафар қилган Покистон тўқимачилик корхоналари бирлашмаси вакилининг айтишича, "Ўзбекистондан бундай пахта импорти кейинги 10 йил ичида кузатилмаган".

Ўзбекистон пахтасини энг кўп миқдорда сотиб олувчи мамлакат Хитойдир. Ўзбекистон қонунларига кўра, пахта эспорти учун 80 фоиз ҳақ олдиндан тўланади.

Хабар қилинишича, Ўзбекистон айнан Покистон учун қонунга ўзгартириш киритган ва 80 фоиз пулни олдиндан тўлаш шартидан воз кечилган. Шунингдек, Покистон мулозимига кўра, Ўзбекистон Покистонга пахтани пастроқ нархда сотишга рози бўлган.

Бу йилги ҳосил талаб этиладиган кам бўлиши мумкин деган хавотирлар ортидан жаҳон бозоридаги пахта нархи кўтарилган.

Покистон эса дунёнинг тўртинчи энг кўп пахта етиштирадиган мамлакати, аммо мамлакатда юз берган сув тошқинлари аксар ғўзаларни йўқ қилган.

Дунёдаги энг йирик хомашё етиштирувчи Хитой ўтган йилги ҳосили кўнгилдагидек бўлмаганини айтганди.

Ўзбекистон пахта етиштириш ва экспорти бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келади.

Лекин, пахта теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланганлиги туфайли бир неча йил аввал жаҳоннинг йирик ширкатлари ўзбек пахтасини бойкот қила бошладилар.

АҚШ Меҳнат вазирлиги эса болалар меҳнати иштирокида етиштирилган маҳсулотлар рўхатини янгилаб, унга Ўзбекистонда етиштирилган пахтани ҳам киритганди.

Яқинда Лондондаги Шарқ ва Африка давлатлари тадқиқотлари маркази Ўзбекистон ва Тожикистонда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатиш йўлида илгари силжиш борми-йўқлиги борасида ҳисобот чиқарганди.

Ҳисобот хулосаларига кўра, ҳам Ўзбекистонда пахта далаларида ҳануз болалар меҳнатидан кенг фойдаланилади.

Ўзбекистонда пахтани сотиб олиш давлат монополияси ўрнатилган. Яъни пахта етиштириш билан шуғулланувчи фермерлар хом ашёни фақатгина давлатга топширишлари мумкин.

Кузатувчиларга кўра, фермерларга пахта учун жуда паст ҳақ тўланиб, пахта савдосидан тушадиган мўмай фойдадан мамлакатни бошқариб турган бир ҳовучгина сиёсий элита наф кўриб келади.