Улуғбек Ҳайдаров: "Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар ҳали-бери юз бермайди"

Улуғбек Ҳайдаров

Ўзбекистонлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Би-би-си меҳмони журналистик фаолиятини 90-йиллар охирида Жиззах вилоятида бошлаганини айтади.

У дастлаб Жиззах шаҳри ва вилояти телевидениеларида фаолият кўрсатди.

48 ёшли Улуғбек Ҳайдаров бир неча халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган, Жиззах вилояти ҳамда Ўзбекистондаги вазият ҳақидаги, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий мавзулардаги мақолалар муаллифидир.

Журналист айниқса Жиззах вилоятида коррупцияга оид мақолалари билан вилоят расмийларининг ғазабини қўзғатганини айтади.

Улуғбек Ҳайдаров 15 сентябр куни Жиззах шаҳридаги бекатлардан бирида ҳибсга олинди ва икки кун давом этган маҳкама журналистни товламачиликда айбдор деб топди.

"Эзгулик" жамиятининг Жиззах вилояти бўлимида инсон ҳуқуқлари муаммолари билан шуғулландим... 6 йилга озодликдан маҳрум қилишди, дейди Улуғбек Ҳайдаров.

"54 кун панжара ортида ўтирдим. Халқаро ҳамжамият босими билан менга берилган жазони енгилроғига алмаштиришди. Яъни, энди мен очиқда юриб, 3 йил мобайнида давлатга жарима тўлаган ҳолда ишлашим керак. Анчагача иш топа олмай юрдим. Мени ишлашдан бош тортди, деган айблов билан яна қамоққа қайтаришларига бир баҳя қолгандагина, яқинларимизнинг қистовлари билан, 2006 йилнинг 18 декабрида Ватандан чиқиб кетдим. Орадан бир йилдан сал кўпрок вақт ўтгач эса, Канадага келдим," деб эслайди журналист.

Шоҳрух, Тошкент: Улуғбек ака, Канадада журналистик фаолиятингизни давом эттириш имкони бўлаяптими?

Улуғбек Ҳайдаров: Тўлиқ эмас, қисман давом эттиряпман. Канадага келганимга энди уч йил бўлди. Бу муддат, инглиз тилини тўлиқ ўрганиб, касбингиз бўйича ишга жойлашиб кетишингизга камлик қилади. Бундан ташқари, бу уч йилнинг ярмидан кўп қисми интенсив даволанишга кетди, чунки, ватанда бошимга тушган оғир савдолар, соғлигимга таъсир қилганлиги, Канадага келганимдан сўнг билинди. Ванкуверда рус тилида "Ванкувер экспресс" деган газета чиқади. Унинг бош муҳаррири ва ташкилотчиси Александр билан келганимдан буён яхши муносабатдамиз. Ҳафталик бу газетада “ҳафтанинг муҳим воқеалари” деган бўлим бор. Мен кўпинча ана шу бўлим учун Ўрта Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистонда бўлган воқеалар хақида ёзиб бераман. Газета редакциясида турли матбуот анжуманлари ўтказамиз, масалан, Қишки Олимпиада кунлари редакция биноси хар куни гавжум бўлди. Айниқса, ўтган йилги Ванкувер Халқаро Кинофестивали кунлари, шу ерда Ўзбекистонда суратга олинган "Таъқиқланган санъат" фильми ижодкорлари билан ўтган учрашув жуда ҳам қизиқарли бўлди. Бундан ташқари Ванкувердаги Shaw TV телекомпаниясида икки йилдан буён операторлик иши бўйича кўнгиллиман. Ҳозирги замонавий ТВ жиҳозлар билан ишлаш бўйича тажриба ошириб бораяпман. Бу ердаги ТВда мен суратга олган лавҳалар эфирга кетса, юрагим ғалати бир жимирлашиб кетади... Ўзбекистондаги журналистик фаолиятим ёдимга тушади. Шуни айтиб ўтишни истардимки, мен кейинчалик журналистик фаолиятимни Ўрта Осиёга кўчираман. Сиёсий, ижтимоий воқеаларнинг энг-энг-энглари айнан ана шу минтақада бўлиб ўтади. Ҳозир ҳам фаолиятимнинг бир қисми, Ўрта Осиё билан боғлиқ. Ҳар йили Олма-ота шаҳрига бориб келяпман. У ердаги журналист дўстларим билан ҳамкорликда иккита йирик лойиҳани ишга туширмоқчимиз, агар "Аловуддиннинг чироғи" филми қахрамони айтганидек, "эчки ҳалақит бермаса"... Канада эҳтимол спортчилар учун жозибалидир, эҳтимол, актёрлар учун орзудир ёки фермерлар учун жаннатдир... Лекин журналистман, деган одам учун бу ерда ҳеч нарса йўқ... Агар ҳар замонда бир содир бўладиган сиёсатчилар ўртасидаги тортишувларни ва шоу бизнес ғавғоларини ҳисобга олмасак... Канадада мен ўзимни худди бир қум заррасидек кўраман. Мен бу ерда журналистик тажрибамни ўстиришим мумкин холос. Журналист бўлиб ишлай олмайман. Менинг ўрним бу ерда эмас...

Алекс: Канаданинг қайси газета ва журналларида мақолаларингиз чиққан?

Улуғбек Ҳайдаров: Ҳали айтиб ўтганимдек, "Ванкувер экспресс" русийзабон газетида Ўрта Осиёда бўлаётган воқеалар бўйича бир нарсалар қоралаб тураман. Ўтган йили Торонтода яшовчи дўстимиз Фахриддин Худойқулов ташкиллаштирган "Туркистон" газетаси чиққанда хурсанд бўлгандик, ўша газетанинг биринчи сони учун мақола ёзиб бергандим. Лекин, афсуски, газетанинг бошқа сони чиқмади. Ҳозир мен ўзимнинг "Янги фикр" веб сайтимни очдим. Уни бир оз ишлатиб ҳам кўрдим. Ҳозирда унинг дизайнини янгилаяпмиз, биз билан ишловчи ҳамкорлар билан муносабатларни йўлга қўйяпмиз. Тез кунларда сайт янгидан иш бошлайди. Шу кунларда яна бир янги ҳаракатни бошлаганмиз: "Ванкувер экспресс" газетасининг икки саҳифасини ўзбек тилида чиқармоқчимиз. Ванкуверда ҳам ватандошларимиз тобора кўпайиб бораяпти ва бу саҳифа уларга ватанимизда юз бераётган турли ижтимоий ва сиёсий янгиликлар хақида маълумот беради.

Ўзбек, Қарши: Ўзбекистонлик журналистларга нима етишмайди деб ўйлайсиз?

Улуғбек Ҳайдаров: Ҳақиқий ўзбекча савол бўлибди... "Сенга нима етишмайди ўзи, эй ўзбек журналисти?" Менимча уларда ҳамма нарса бор. Ўткир қалам, сезгир нигоҳ ва ўта эҳтиёткорлик. Ватан ичида ишлаётган ҳамкасбларимизга осон эмас, улар ҳам билишади, қандай ишлаш кераклигини, улар ҳам журналистикага оид қонунлардан хабардорлар. Бу қонунлар нима учун ишламаётганини ҳам жуда яхши билишади улар. Ўзбекистон ичида қолиб, журналистик холисликни, журналистик нуқтаи назарни тирик сақлаб қолиш жуда ҳам қийин. 2005 йил май ойидаги Андижон воқеаларидан кейин ҳукумат эркин сўзни ўзининг энг олий душмани деб эълон қилди. Ҳар қандай ўзгача нуқтаи назар бешигидаёқ йўқ қилинди. Ҳар бир журналист алоҳида бир нишон остида кун кечираяпти ўша воқеалардан кейин. Ҳар бир журналист ўз нуқтаи назари ва холислигининг қотилига айланиб яшаяпти Ўзбекистон ичида... Улар, менинг Ватан ичидаги ҳамкасбларим, мана шундай кун кечиришга, шу йўл билан қорин тўйғазишга мажбурлар. Баъзиларимиз “Ватан ичидаги журналистларда журъат етишмайди,” дейишга ўрганиб қолганмиз. Йўқ, уларда журъат етарли. Севимли касбининг мозорига айланган маконда яшаётган одамда журъат етарли. Биласизми, уларда нима етишмайди? Уларда, журъатнинг оқибатини кўтара олувчи куч етишмайди холос....

Комрон, Япония: Журналистлар кўпинча баҳсга айланадиган "ёғли" мавзуларда (коррупция, мафия, давлат органларининг жиноий гуруҳлар билан тил бириктириши, сиёсий фоҳишалик)қалам тебратиш осон эмас албатта. Лекин, аминманки, мана орадан ўн йил ўтиб, агар ўша илк фаолиятингизни эсласангиз, бошқалардан ҳам кўра, энг катта хато ўзингизда эканлигини англайсиз. Ўша хато нима деб ўйлайсиз? Олдиндан раҳмат. Комрон.

Улуғбек Ҳайдаров: Савол учун раҳмат, Комрон. Ажойиб, оргинал савол...жавобни эшитинг: Менинг энг катта ҳатоим, журналистика Ватаним учун энг кераксиз касб эканлигини кеч англаганимда.... Мен бу касбни энг олий даражадаги касб сифатида тутгандим. Ҳеч қачон ўйламагандимки, Ватанимдаги диктатура эгалари, журналистларни, елкасига сочиқ ташлаб, доим қўли кўксида тиржайиб турадиган хизматкорлар тўдасига айлантиради, деб... Мен буни тан олмаганим учун ҳам журналистликнинг аччиқ мевасини еб яшаяпман. Ватандан айро яшашни осон деб билманг, бу - инсон учун энг оғир жазо. Агар мен Ватанимдаги амалдор, корчаллонларни ноғорасига ўйнаганимда энг ками бирон бир ҳокимчанинг матбуот котиби бўлиб юрган бўлардим. Лекин, агар тақдир чархпалаги тескари айланиб, ҳаётим яна янгидан бошланса, мен яна шу хатоимни такрорлаган бўлардим. Чунки, мендан елкага сочиқни ташлаб, амалдор қаршисида тиржайиб турадиган хизматкор чиқмайди...

Исмсиз: Мени саволим шуки, мен ҳам журналист бўлишни хоҳлайман, лекин олавий шароитим йўқ. Демоқчиманки, кўп муҳожирликда юрганман ва ноҳакликларга дуч келаман. Сизни маслаҳатингиз: нима дейсиз?

Улуғбек Ҳайдаров: Журналист бўлишни орзу қилган укам, эшитинг, бунинг учун оилавий шароит бўлиши шарт эмас... Ўқишга киришга шароитингиз бўлмаса, тарихни, адабиётимизни мустақил ўрганинг, кундалик нашрларни кузатиб боринг, воқеликни ёритиш тажрибангизни ошира билинг, шунда сиздан ҳам журналист чиқар. Муҳожирликда кўп юрганман, дебсиз. Кўрган кечинмаларингизни қоғозга туширинг. Аторофингизда содир бўлаётган воқеалар хақида ёзинг. Уларни журналистларга кўрсатиб, маслаҳатлар олинг, камчиликлар устида ишланг... Лекин, агар Ўзбекистонда бўлсангиз, яхшиси бу иш билан шуғулланманг. Ўзингизни ва яқинларингиз ҳаётини хавф остида қолдирасиз. Фойдаси йўқ. Қанча ҳамкасбларимиз ҳозир қамоқда ўтиришибди, яна уларнинг сони кўпайишини истамайман.

Адҳам, Лондон: Ўзбекистонда сизни қамоққа олишганларида ҳаёлингиздан қандай фикрлар ўтганди? Озодликка чиқишингизга ишонганмидингиз?

Улуғбек Ҳайдаров: Мени Жиззах шаҳрининг энг одам гавжум жойида, шаҳар марказида қўлимга кишан солишди. Ўшанда, албатта, бир муддат шок ҳолатига тушганман, нима бўлётганини тушунмаганман. Ҳаёлимдан эса қизларим ўтаверган. Мени ўша куни УВДни бир хонасида, уч нафар фуқаро кийимидаги одамлар, тунги соат 2 га қадар роса қийнашди....Мен ўшанда, энди ўлиб қоламан, деб ўйлагандим... Озодликка чиқаман, деб ўйламаганман тўғриси. Ховос ва Тоштурмада ўтирган пайтларимда, менга терговчилар "сен энди ҳеч қачон ёруққа чиқмайсан, зонада ўлиб кетасан," дейишарди. Ниҳоятда тушкунликка тушганман ўша кунлари. Кейин мени Навоий шаҳридаги зонага олиб боришди ва у ерда менга қаттиқ азоб беришди. Карантиннинг еттинчи куни, мени зона бошлиғини хонасига чақиришганида ва унинг кабинетида икки нафар нотаниш кимса менга "Сени Жаслиққа олиб кетгани келдик" деганида мен "энди куним битибдида," деб ўйлаганман... Ўша куни кечаси мени зонадан чиқариб юборишди. Кейинчалик билсам, Германиянинг ташқи ишлар вазири Штаймеркер Тошкентга келганида, қамоқда қолаётган журналистларни озод қилиш хақида музокара ўтказган экан. Ҳозир ҳам мен ўша воқеаларни эсласам, юрагим бир бошқача ура бошлайди... Озодлик, хақиқатда олий бир неъмат...

Муаллим: Ўзбекистонда яқин орада демократик ўзгаришлар бўлишига кўзингиз етадими?

Улуғбек Ҳайдаров: Бу саволга жавоб бериш учун одам сиёсатчи бўлиши керак, мен эса журналистман, холос. Шундай бўлсада, бу борадаги ўз фикримни айтиб ўтаман.Афсуски йўқ... Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар ҳали-бери юз бермайди. Умуман, Ўрта Осиёнинг алоҳида бир мамлакатида демократик тузум ўрнатиб бўлмайди. Минтақадаги демократияга йўл очадиган ҳаракатлар Россия ва Хитой томонидан йўққа чиқариб келинаяпди. Қачонки, Ўрта Осиёнинг барча мамлакатларида бу жараён тенг бошлансагина, бу мамлакатлардаги одамлар баробарига ўз ҳуқуқларини талаб қилишни бошласаларгина, бу хақда гапириш мумкин. Ҳозирги пайтда араб мамлакатларида бўлаётган халқ исёнларига ўхшаш воқеаларни Ўзбекистонда ҳам кутаётганлар кўпчилик. Лекин, бизнинг мамлакатда ундай ғалаёнлар бўлмайди. Бўлган тақдирда ҳам, шафқатсиз равишда бостирилади. Қачон Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар бўлади, деган саволга мен, қачонки Россия Ўрта Осиёга нисбатан ўз сиёсатини юмшатса, деб жавоб берган бўлардим.