"Ўзбекистонда микрокредитга бўлган талаб қондирилмаяпти" - расмий ҳисобот

Ўзбекистонда микромолиялаш бозори фаолияти ҳақида чоп қилинган илк миллий ҳисобот мамлакатда микрокредитларга бўлган талаб қондирилмаётганини аниқлаган.

Мазкур ҳисобот Тошкентда ўтган "Микромолиялашнинг тенденциялари ва тараққиёт истиқболлари" номли семинарда тақдим қилинган.

Ҳужжатни Ўзбекистон микромолиявий ташкилотлари ва кредит иттифоқлари миллий уюшмаси тайёрлаган.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда микрокредитга бўлган йирик талаб қондирилмаган - умумий камомад 500 миллион долларга тенг.

2009 йилда микрокредит берувчи идоралар сони 2006 йилдагига қараганда деярли икки ярим бараварга ўсган, аммо таклиф қилинган пул миқдори уч йил аввал қандай бўлса шу миқдорда қолган.

Ички ва ташқи омиллар

Микромолиялаш соҳасининг ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммолар дея ҳисобот ташқи ва ички омилларни келтиради.

Унга кўра, глобал молиявий ва иқтисодий инқироз бу соҳага ташқаридан салбий таъсир қилган. Аммо, шу вақтгача ўзбек расмийлари глобал инқироз мамлакатнинг эҳтиёткорона иқтисодий сиёсати туфайли Ўзбекистонни четлаб ўтганини айтиб келишганди.

Ички омиллар деб эса турфаҳил молиявий манбаларнинг чеклангани, янги филиалларни очишдаги қийинчиликлар, қонунчиликдаги чекловлар, ҳамда молиявий инфратизилманинг етарли даражада ривожланмагани келтирилади.

Би-би-си билан суҳбатда ўз исмини айтишни истамаган Лондон банкларидан бирида фаолият юритувчи ўзбек мутахассиси Ўзбекистонда микромолиялаш борасида бу каби ҳисоботнинг илк маротаба чоп қилинаётганини ижобий қадам деб баҳолайди.

"Вақт керак"

Мутахассис микрокредит талаблари қондирилмаётганини қисман молиявий муассасалар томонидан ҳужжатларнинг кўриб чиқилишига кетадиган вақт билан изоҳлайди.

"Шунча одамга ҳисоб рақамини очиш, уларни кредит билан таъминлаш ва бошқасининг ҳаммасига вақт кетади. Операцион нуқтаи назаридан қаралганда бу кўриб чиқилиши керак. Биздаги банклар гаров билан ишлашади. Мижоз гаров ҳужжатларини олиб келиши керак, уни кимдир текшириши керак. Таъминот бўлса, шу таъминотни ҳам юридик жиҳатдан кўриб чиқиш керак", - дейди банк мутахассиси.

Унинг айтишича, Ўзбекистон аҳолиси бошқа собиқ шўро давлатлари фуқароларидан фарқли ўлароқ, ҳали кредит олишга ўрганмаган, ва ўз навбатида Ўзбекистондаги молиявий тизим ҳам тез кредит беришга мослашмаган.

Image caption Ўзбекистонда минглаб одамларни иш билан таъминлаган йирик корхоналарнинг саноқлиси омон қолиши туфайли ўрта ва кичик бизнес билан шуғулланиш кўплар учун ягона йўл.

Кўпгина тадбиркорлар молиявий муассасаларнинг гаров талабидан норозилик изҳор қилиб келишади. Мазкур шарт жаҳон бўйлаб либерал бозор иқтисодига эга мамлакатларда мавжуд эмас. Бироқ, мутахассис бу шарт асосли эканини айтади.

"Агар шундай гаров берилмаса, инглизчасига бу default дейилади, яъни кредитнинг қайтиб тўланмаслик ҳолатлари кўпайиб кетади. Фараз қилинг, масалан, бир банк 100 миллион кредитни минг ё икки минг кишига бўлиб берса ва уларнинг ярми қайтиб тўламаса", - дейди у.

Нақд пул кам

Мутахассининг айтишича, Ўзбекистонда нақд пулнинг муомалада камайтирилиши ва пластик карточкаларнинг тарғиб қилиниши баъзи муаммоларни келтириб чиқармоқда.

"Пластик карточка ёки нақд пул деган нарсалар, бошқа мамлакатлардаги сингари, бир ҳилда муомалада бўлиши керак. Ҳозирда Ўзбекистонда нақд пул пластик карточкадаги пулингизга нисбатан 10-5% юқори даражада юради".

Дарҳақиқат, Би-би-си билан суҳбатда бўлган тошкентлик тадбиркор Сафар Усенов ҳам нақд пул муомаласидан нолийди.

"Тадбиркорларга нақд пул берилмайди. Бу халқ орасидаги муаммо, чунки банклар авваламбор пенсиядаги ёки бюджетга ишлаб турган одамларга нақд пулни беришади. Кейинчалик, иложи борича, кредит сўраган тадбиркорларга беришади", - дейди тадбиркор.

Порахўрликчи?

Миллий ҳисоботда Ўзбекистон молиявий тизимидаги энг йирик жиҳатлардан бири саналган коррупция ва порахўрлик ҳақида ҳеч нима айтилмаган.

Тадбиркорлар ҳуқуқий йўллар билан микрокредит олишнинг йўли бўлсада, баъзида жараённи тезлаштириш ёки гаров ҳужжатларини сохталаштириш учун молиявий муассаса ходимига пора бериш одатий ҳол эканини айтадилар.

Аммо, Сафар Усеновга кўра, ўтган 5-6 йил билан солиштирганда ҳозирда кредит олиш соҳасидаги танлов кенгайган ва пора бериш камайган.

Тошкентда ўтган семинарда микромолиялаш соҳасининг тараққиёти учун молиявий хизматларга йўлни очиб бериш, ҳамда ўрта муддатли навбатдаги миллий дастурни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Бироқ, Ўзбекистон ҳукумати, хусусан Президент Ислом Каримовнинг ўрта ва кичик бизнеслар муҳимлиги борасида қайта-қайта баёнотлар қилишига қарамай, охирги миллий ҳисоботга биноан Ўзбекистонда тадбиркорларни кредит билан таъминлаш шароитлари яхшиланиш ўрнига ёмонлашиб бормоқда.