'Gold Investing News': Ўзбекистон олтин қазиб чиқариш соҳасига қизиқиш ҳануз катта

Image caption 'Gold Investing News' га кўра, юз бераётган муаммоларга қармай Ўзбекистон олтин саноатига хорижий сармоядорлар қизиқиши камаймаган.

Жаҳон миқёсида олтин қазиб чиқариш соҳаси жиҳатларини ёритувчи 'Gold Investing News' тадқиқот маркази чоп этган мақолада ёзилишича, Британиянинг 'Oxus Gold' ширкати юз тутаётган муаммоларга қарамай Ўзбекистон захирaларига қизиқиш ҳануз катта.

'Gold Investing News' да чоп этилган мақолада айтилишича, 2009 йил маълумотларига биноан Ўзбекистон жаҳонда олтин қазиб чиқариш бўйича 9 ўринда эди.

Ўзбекистоннинг олтин захирaлари эса 53 минг тонна, дея тахмин этилган ва бу жаҳонда бешинчи йирик захирадир.Олтин захирлари асосан Қизилқум ҳудудида жойлашган ва у ердаги захирлар 32 минг тоннани ташкил этади.

Мурунтовдаги очиқ усулда олтин қазиб чиқариш кони жаҳондаги энг йириги ҳисобланади. Бу кон Навоий Кон ва Металлургия корхонасига тегишли.

Мурунтов кони 1958 йили очилган ва у ердан шу вақтга қадар 1 минг 600 тонна олтин ишлаб чиқарилган.

Мақолада айтилишича, Мурунтовдаги захирaлар 2032 йилга қадар етиши тахмин қилинади.

Бундан ташқари Жиззах вилоятидаги Маржонбулоқ кони давлат қарамоғидаги "Узалмаззолото" ширкатига тегишли.

'Gold Investing News' қўлга киритиган хабарларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати бу ширкатни приватизация қилмоқчи ва "Узалмазолото"га ширкатнинг 51 фоиз улушлари таклиф қилинган.

Ўзбекистондаги кон саноатини Геология ва Минерал Захиралар Давлат Қўмитаси назорат қилади.

Олтин конлари ва хорижий ширкатлар билан муаммолар

Ўзбекистон ҳукумати олтин қазиб чиқариш соҳасига хорижий сармоялар кириб келишига изн берган ҳолда ўтмишда хорижий ширкатлар билан келишмовчиликлар рўй бериб турган, дейилади мақолада.

2006 йили "Нюмонт" ширкати мамлакатдан чиқариб юборилган.

"Зарафшон-Нюмонт" қўшма корхонаси 50-50 ҳисса асосида Ўзбекистонда олтин қазиб чиқариш билан шуғулланарди, лекин кейинчалик солиқларни тўламасликда айбланди.

Ўзбекистон маҳкамаси ширкатни айбдор, дея топди ва ҳукмдан бир ой ўтмасданоқ ширкатнинг ҳамма мол-мулки мусодара қилинди.

"Нюмонт" ширкати Жаҳон Банки арбитражи орқали Ўзбекистон ҳукуматига қарши арз қилди ва миқёси ошкор этилмаган товон пули тўланишига эришган.

Ҳозирда Ўзбекистон томони билан муаммоларга юз тутуаётган 'Oxus Gold' ширкати Амантайтов конида 50 фоиз улушга эгалик асосида иш юритиб келганди. Бу кондаги 40 фоиз улушлар Ўзбекистон Давлат Геология қўмитаси ва яна 10 фоиз улушлар "Кизилкумредмедзолото" корхонасига тегишли эди.

Қўшма корхона 1993 ташкил этилган.

Аммо яқинда Ўзбекистон ҳукумати билан 'Oxus Gold' ўртасида келиб чиққан келишмовчиликлар қўшма корхона фаолиятини тўхтатиб қўйди.

Ҳозирда Ўзбекистон олтин қазиб чиқариш соҳасида ягона расман қайд этилган ширкат халқаро миқёсда қонуний кураш олиб бормоқчи эканлигини маълум қилди.

'Gold Investing News' даги мақолада айтилишича, агарда бу тортишув Ўзбекистон фойдасга ҳал бўлса, мамлакатдаги бой олтин захирлари мутлақ ҳукумат назорати остига ўтганлигини англатади.

Аматайтов олтин конига 'Cameco' ва 'Lonmin' ширкатлари ҳам қизиқиш билдириб, сармоя ётқизиш илинжида бўлганлар, аммо иккала ширкат ҳам лойиҳанинг техник асосларини ўрганиб чиқиш марҳаласидаёқ чиқиб кетганлар.

Лекин, дея хулоса қилинган мақолада, Ўзбекистон олтин қазиб чиқариш соҳасида юз бераётган муаммоларга қарамай хорижий сармоядорларнинг қизиқишлари сусаймаган.

Хитой ва Ҳиндистон ширкатлари Ўзбекистоннинг бой минерал захираларини ўзлаштиришда ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирилаётганлари ҳақида хабарлар бор.