Олой бозоридан савдо расталари нима учун кўчирилмоқда?

Image caption Ўзбекистонда бозорлар харидорларнинг озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж молларига эҳтиёжини қондирувчи асосий маскандир.

Тошкент шаҳридаги Олой бозорининг кийим-кечак савдоси учун ажратилган расталари кўчирила бошланди.

Гувоҳларнинг айтишларича, кеча сешанба кунидан бошлаб кийим-кечак ва кундалик эҳтиёж моллари савдоси билан шуғулланувчи 150 ка яқин дўкон соҳибларига ўз молларини олиб чиқиб кетишлари кераклиги айтилган.

Аввалроқ Юнусобод деҳқон бозорида ҳам шунга ўхшаш тадбирлар ўтказилгани кузатилганди.

Куни-кеча Навоий кўчаси бўйлаб асосан электр хўжалик моллари савдоси билан шуғулланувчи дўконлар растаси ҳам бошқа ерга кўчирилиши ҳақида айтилганди.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Дилорам Исҳоқованинг айтишича, бозорларнинг қайта қурилиши ва кўчирилиши борасида расмийлар на савдогарлар ва на харидорларга етарли ва олдиндан маълумот бермаяптилар.

Бу эса ўз навбатида турли тушунмовчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Бошқа томондан бу тадбирлар кўпда буйруқбозлик усулида амалга оширилмоқда.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тошкент шаҳар ҳокимияти ахборот бўлимидан Ғайратхўжа Сайдалиев Би-би-си билан суҳбатда ушбу амаллар қай асосда амалга оширилаётгани ҳақида изоҳ берди.

Жаноб Сайдалиевнинг айтишича, бу тадбирлар бозорлар ва савдо растларининг фаолиятини тартибга келтириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари бозорга машинада келувчи харидорлар учун улайлик яратиш мақсадида автомобил қўйиш ерларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган.

Тошкент шаҳар ҳокимияти вакилининг айтишича, дўкон ва расталари кўчирилаётган тадбиркорлар учун янги ердан дўкон бериш ё бошқа ердан ер ажратиш, ёда молиявий товон тўлаш имконлари берилмоқда.

Янги ердан дўкон ажратиш қарорини олишда эса тадбиркор билан маслаҳатлашган ҳолда унинг келгуси фаолиятига зарар келтирмайдиган имконият топишга ҳаракат қилинмоқда.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди