Британия Ўзбекистондаги қийноқлар билан боғлиқ вазиятдан ҳануз хавотирда эканини айтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFPGetty
Image caption Ҳисоботни Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг эълон қилди

Британия Ташқи ишлар вазирлигининг дунёдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга оид сўнгги ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистонда қийноқ ҳолларига оид рақамларнинг ҳануз юқорилигича қолаётганидан жиддий хавотирдалар.

Бугун эълон қилинган янги ҳисоботда 2010 йилги вазият ҳақида сўз боради ва айниқса, ҳибсхоналардаги вазиятга эътибор қаратилади.

"2007 йилда Бирлашган Миллатларнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ўзбекистонлик масъулларни жавобгарларни жазога тортиш масаласига эътибор қаратишга ундаганди. Инсон ҳуқуқларини бузганликларига оид шикоятлар ортидан қатор ҳуқуқ-тартибот ходимлари интизомга чақирилган бўлса ҳам, мустақил инсон ҳақларини сақлаш Ташаббус гуруҳи 2010 йилда 39 маҳбуснинг қийноқлар туфайли ҳаётдан кўз юмганлигини даъво қилди," дейди ҳисобот.

Ўз ўрнида, Ўзбекистондаги қийноқларга оид ҳолларни расман қайд этишнинг имкони йўқлиги, Ўзбекистон ҳануз Бирлашган Миллатлар Қийноқлар бўйича махсус маърузачисининг мамлакатга киришига изн бермай келаётгани ҳам урғуланади.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда муайян маънода маҳбусларнинг жисмоний аҳволлари ўнгланган бўлса ҳам, гепатит ва сил хасталиклари маҳбуслар орасида ҳануз кенг тарқалган.

Бундан ташқари, Британия Ташқи ишлар вазирлиги, мулозимлар томонидан айрим маҳбуслар, жумладан, диний айбларда айбланганларга нисбатан ўта қўпол муносабатдан ҳам ўз хавотирларини билдиради.

Ўз ўрнида, Ўзбекистон томонининг қамоқхона тизимини ислоҳ этиш учун ўзлари билан ишлашга тайёр эканини изҳор этгани ҳам айтиб ўтилади.

Ўзбекистондаги Эксперт ишчи гуруҳининг бугун эълон қилган ҳисоботида ҳам мамлакат ҳибсхоналаридаги қийноқлар ва номақбул муносабатларга оид янги маълумотлар келтирилади.

Ташкилот ҳисоботида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг собиқ юқори мансабли ходими Мансур Сойипов ва 2007 йилда 10 йилга ҳукм этилган диний маҳбус Музаффар Аҳмедов ҳақида сўз боради.

Эксперт Ишчи гуруҳининг Мансур Сойипов яқинларига таяниб айтишича, у шу йил январ ойининг охирида диний экстремизмда айбланаётган бир аёлни қамоқхонадан қутқариш ва бўшатиб юбориш айби билан айбланиб, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан ҳибсга олинган.

Ташкилотга кўра, яқинлари шундан сўнг Мансур Сойиповнинг қаттиқ калтаклангани, калтак зарбидан тўртта қовурғаси сингани, бир қовурға суяги ўпкасини тешиб ўтиши оқибатида шаҳардаги 16-сон касалхонада жарроҳлик амалиёти ўтказиб, яна хавфсизлик хизматининг қамоққача сақлаб туриш ҳибсхонасига олиб кетилганини айтишган.

Ўз ўрнида ҳисоботда таъкидланишича, Мансур Сойиповнинг бундан кейинги тақдири борасида на-да ҳимоячиси ва на-да яқинлари ҳеч нарса билишмайди.

Эксперт ишчи гуруҳининг сўнгги ҳисоботидан яна аён бўлишича, Музаффар Аҳмедов шу йилнинг 8 феврал куни Бухоро вилоятидаги 64/25 сонли қамоқхонада қийноқлар туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Ташкилотга кўра, Музаффар Аҳмедовнинг оила аъзолари унинг жасадида шафқатсиз муносабат изларини кўришган. Музаффар Аҳмедовнинг ўлимига оид расмий ҳужжатда эса, унинг бошқа маҳбус томонидан қийналгани ва бунинг оқибатида юрак хуружига учраб, қазо қилгани айтилган.

Аҳмедовнинг яқинлари Эксперт ишчи гуруҳига расмий изоҳларга ишонмасликлари ва унинг ўлими юзасидан жиноий иш очилганми, очилган бўлса, натижалари қандай эканидан бехабар эканликларини ҳам айтишган.

Ташкилот ҳисоботида Музаффар Аҳмедовнинг дафн маросими 9 феврал куни, милиция ходимларининг кучли назорати остида Тошкент шаҳрининг Шайхонтаҳур туманида, ота-онасининг уйида бўлиб ўтгани ҳам келтириб ўтилади.

Биз Эксперт Ишчи гуруҳининг раҳбари Суҳроб Исмоилов билан боғланиб, энг аввало ҳисобот тафсилотлари билан қизиқдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди