Ўзбекистонда коммунал тўловлар нархи ошган

Image caption Нарх ошиши энг аввал нафақадагиларга таъсир қилади дейилмоқда

Бугундан бошлаб Ўзбекистонда коммунал тўловлар электр энергияси, иссиқ сув ва табиий газ учун нархлар ошган.

Тошкент шаҳрида жамоат транспортида қатнов нархи ҳам йигирма фоизга юқорилаган.

"Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси ҳар галгидай нарх ошишини ёнилғи ва эҳтиёт қисмлар баҳосининг ортиши билан изоҳлаган.

Ўтган йил декабр ойида Президент Каримов энг кам иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини ошириш ҳақида фармон чиқарган эди.

Фармонга кўра,мамлакатда энг кам иш ҳақи 49735 сўм ёки валютанинг "қора бозор" курсида 20 АҚШ долларидан зиёдроқни ташкил этади.

Ўтган йил охиридан Ўзбекистонда ёшга доир пенсия ҳамда болаликдан ногирон инсонларнинг ойлик нафақаси миқдори энг камида 97285 сўм ёки 40 долларни ташкил этиши кўзда тутилган эди.

Президент фармонида маош ва нафақалар "аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида" оширилаётгани таъкидланганди.

Аммо Ўзбекистондаги мустақил нарх-наводаги сўнгги ўзгаришлар аҳолининг энг кам ҳимояланган қатлами рўзғорини яна ҳам кемтикроқ қилади.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган Тошкентлик ўқитувчилардан бирига кўра, нарх ошиши ҳукумат мулозимлари, бадавлат тадбиркорлардан ташқари деярли барчанинг рўзғорини қийинлаштириши тайин.

" Ҳукумат мулозими ишга давлат машинасида боради, бошида "томи" бор тадбиркорлар шаҳар транспортидан фойдаланмайди... Улар маошдан маошгача яшашмайди, коммунал тўловлар ошиши ҳам фақат шуларга таъсир этмайди. Ўзбекистонда ким кўп, камбағал кўп! Уларни ўйлашмайди," дейди тошкентлик ўқитувчи.

Image caption Юз минглаб ўзбеклар Россияда мардикорлик ортидан рўзғор тебратишади

Иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовга кўра, ҳукумат нархларни оширишга мажбур бўлаётгани ғазнанинг бўшаб бораётганидан дарак беради.

"Иқтисодий ислоҳотлар вақтида ўтказилмади, ҳозир ҳам давлатнинг кучли иқтисодий режаси йўқ, натижада барча оғирлик халқнинг гарданига тушмоқда," дейди у.

Ўзбекистон вилоятларидан бирида истиқомат қиладиган онахоннинг айтишича, бугунги нарх-наволар билан Ўзбекистонда бериладиган маошлар солиштирилса, мамлакатда нормал рўзғор қилиш мумкин эмас.

"Қишлоғимизда қўлидан иш келадиган ёшу қари эркакларнинг ярмидан кўпи Россияда мардикор... Яхшиям, шу Россияси бор экан, уч-тўрт сўм жўнатиб туришади. Ўзимнинг икки ўғлим Россияда, хўжайиним саломатлиги ёмонлашиб қишда қайтишга мажбур бўлди. Ўғилларим шу ерда бўлишса, билмадик қанақа қилиб кун кечирардик..." дейди онахон.