Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини Тошкентда муҳокама этишмоқчи

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар беришича, 7 апрел куни Тошкентда Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё билан шериклик янги стратегиясининг ҳаётга қандай татбиқ этилаётгани муҳокама этилади.

Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлигига бағишланган Янги шериклик стратегияси 2007 йилда иттифоққа раислик қилган Олмония томонидан тақдим этилган, бу 2005 йилдаги Андижон хунрезлиги ортидан Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини киритган Оврўпо Иттифоқининг кейинги қадамлари қандай бўлади деб кутиб турилган пайтга тўғри келган эди.

Оврўпо мулозимлари ўзларининг янги стратегияларида расмий Тошкент билан мулоқотларни фаоллаштириш воситасида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш, демократлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга ундаш мақсад қилинганини айтган эдилар.

Айни пайтда ушбу қадам Оврўпонинг Марказий Осиё минтақасидаги табиий бойликларни тўлалигича Россия билан Хитойнинг "қўлига бериб қўймаслик" йўлидаги ҳаракатлари сифатида ҳам талқин этилди.

Марказий Осиё билан янги шериклик минтақа мамлакатлари билан кенг миқёсдаги ҳамкорлик режаларини қамраб олган, бу режаларда Оврўпо Иттифоқи беш мамлакатга 2012 йилгача кўрсатадиган молиявий кўмаклари миқдорини икки баравар ошириш мўлжалланган.

Тошкентга Оврўпо Иттифоқи ҳайъати таркибида иттифоққа раислик қилиб турган Можаристон Ташқи ишлар вазири Янош Мартини, Оврўпо Иттифоқининг Тараққиёт комиссари Андрис Пиебалгс ҳамда иттифоқнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел бориши хабар қилинган.

Улар Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ташки ишлар вазирликлари ҳайъатлари аъзолари билан музокара ўтказишади.