Норвегияда ўзбекистонлик қочқин қўлга олинган

Image caption Ўзбекистон фуқароси Норвегияда 2004 йилдан бери яшаб келаётган бўлган

Норвегиянинг Осло шаҳрида ҳибсга олинган ўзбекистонлик қочқин Трандумдаги депортация лагерига олиб кетилган ва икки-уч кун ичида Ўзбекистонга мажбуран қайтариб юборилиши мумкинлиги хабар қилинади.

Норвегиядаги полициясининг муҳожирлар билан ишлаш хизмати расмийси Monica Thorud Би-би-сига ўзбекистонлик қочқиннинг ҳибс қилинганини тасдиқлади, аммо уни Ўзбекистонга қайтариб юборилиши эҳтимоли борасида кўпроқ маълумот беролмаслигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқароси Норвегияга 2004 йилда келган ва унинг сиёсий бошпана сўраб берган аризаси бир йил ўтиб рад этилган.

"У Норвегияда ноқонуний яшаётган бўлган, шундай экан, қайтариб юборилиши мумкин", деди Норвегиядаги полициясининг муҳожирлар билан ишлаш хизмати расмийси.

Ўзбекистонлик қочқиннинг сиёсий бошпана сўраб берган аризаси рад этилгани сабаби ҳам қоронғу қолмоқда.

Норвегиядаги мустақил журналист Евгений Дьяконовнинг айтишича, у Фарғона водийсида "Ҳизбут таҳрир" фаоли бўлган ва Ўзбекистонда қўлга олинганидан сўнг, қамоқхонадан қочишга муваффақ бўлган.

Евгений Дьяконовга кўра, ушбу ўзбекистонлик қочқин 9 йилдан бери Оврўпода яшаётган бўлган.