Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик бастакор Ҳайём ва Ҳофиз шеърларидан илҳомланган асарларини Лондонда тақдим этди

Image caption Азиза Содиқова Ўзбекистон, Британия ва Олмония мусиқа мактабларида таҳсил олган

Ўзбекистонлик ёш бастакор Азиза Содиқова ўзининг янги асарларини Лондоннинг икки нуфузли маскани - Гровенор черкови (Grosvenor Chapel) ва Куин Элизабет Холл (Queen Elisabeth Hall) концерт залларида тақдим этди.

Азиза Содиқованинг янги асарини Лондонда жойлашган Орфеас торли чолғу оркестри ижро этди.

Асар Умар Ҳайём ва Ҳофиз Шерозийнинг шеърлари ва қайроқ, доира, танбур ва сато каби ўзбек миллий чолғу асбобларидан илҳомланган.

"Ҳайём матнлари мени ҳар доим илҳомлантирган: Ҳайёмнинг тақдир, руҳий кечинмалар, Худо ва ўлим ҳақидаги саволлари ҳар доим мени ўйлантирган. Мен Ҳайёмни ва Ҳофизни ўқиганимда, қулоғимга мусиқа чалингандек бўлади ва кўз ўнгимда турли саҳналар гавдаланади", - дейди бастакор.

Оркестр ижроси Умар Ҳайём шеърларининг ўзбек ва рус тилларида ўқилган шеърлари билан уйғунлашгани концертларга келган тингловчиларда айниқса катта таассурот қолдирди.

Берлинда яшаб ижод қилувчи бастакор Азиза Содиқова ўз мумтоз асарларида миллий ўзбек оҳангларини қўллаб, кўпгина олмониялик ва жаҳон мусиқашуносларининг олқишларига сазовор бўлган.