Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Обидхон қори Назаровга қарши Тошкентдаги қотилликлар ортида турганлик айбловлари яна такрорланди

Image caption Обидхон қори Назаровнинг ўзи эсктремистларга алоқаси борлиги ҳақидаги айбловларни ҳар доим рад этиб келган

Ўзбекистон давлат матбуоти Обидхон қори Назаровни 2009 йил ёз фасли ўрталарида Ўзбекистон фуқаролари Ички ишлар зобитини ўлдиришга буйруқ берганлик ва бу ишни амалга оширишни молиявий дастаклаганликда айблаган.

Ўзбек давлат матбуоти "Хунрезлик" деб номланган ҳужжатли филм ҳақида гапиради. Филмда 2009 йил ўрталарида Ўзбекистон фуқаролари, хусусан, диний уламолар ва ҳуқуқ муҳофаза қилувчи органлар ходимларига қарши қотиллик ва суиқасдлар содир этила бошлангани ҳамда бу ишлар ортида ҳозирда Швецияда яшаётган таниқли имом Обидхон қори Назаров тургани даъво қилинади.

"Хунрезлик" филми бундан бир йил олдин Ўзбекистон телеканали орқали намойиш этилганди. Унда Обидхон қори Назаров 2004 йилдаги бир қанча худкушлик ҳужумларида ҳам айбланади.

Филмда Обидхон қори Назаров 1990 йиллар бошидан буён Ўзбекистонда исломий давлат қуриш йўлида хуфя экстремист ташкилот, жумладан, Жиҳодчилар ташкилотини тузишга ҳаракат қилиб келгани айтилади.

Тошкентдаги "Тўхтабой" масжиди собиқ имоми Обидхон қори Назаровнинг ўзи эсктремистларга алоқаси борлиги ҳақидаги айбловларни ҳар доим рад этиб келган.

Аммо, нима учун ҳозир филм қайта тилга олиниб, айбловлар такрорланаётган бўлиши мумкин?

Обид қори Назаров бунга қатор сабаблар борлиги, аввало, бу ўзбек ҳукуматининг ўзига қарши аввал ҳам қилган "туҳмат"ларнинг давоми эканини айтади. Унинг фикрига кўра, бунга кейинги пайтлар Яқин Шарқ бўйлаб кузатилаётган ўзгаришлар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.

"Кейинги пайтлар мусулмонлар дунёсида бўлаётган ўзгаришлар Ўзбекистонга ўхшаган золим режимлар ва диктатура тузумларини анча титратиб қўйди. "Шохига урсанг, туёғи титрайди", дегандек, Мисрда бўлган ўзгаришлар, бошқа жойларда бўлаётган мана шундай норозилик ҳаракатлари Ўзбекистон ҳукуматини анча қўрқитиб қўйди. Мана шу ҳам уларни ҳар хил чораларни кўришга мажбур қиляпти. Улар турли томондан ўзларининг ҳимояси учун ҳаракатга тушиб қолишган ва яна қайтадан одамларни чалғитиш, омманинг фикрини чалғитиб юбориш бу ҳам ҳимоя воситаларидан, ҳужум қуролларидан бири. Шунинг учун, улар мана шу эски тўқималарни яна қайта такрорлашмоқда", дейди Обид қори Назаров.