Тошкентлик олим турли сурков мойларини кашф қилган

Тошкентлик олим темир йўл ва саноатнинг бошқа соҳаларида ишлатиладиган турли сурков мойларини кашф қилган. Маҳсулот минтақанинг кескин ўзгарувчан иқлимида синаб кўрилган ва давлат стандартларига жавоб берган.

Уни ишлаб чиқаришга қўйиш мамлакат иқтисодида 100 минглаб долларни тежаш имконини бериши мумкин. Маълумотларга кўра, сурков мойларининг 95 фоизи Ўзбекистонга четдан олиб келинади.

Сурков мойларини кашф қилган техника фанлари доктори, профессор Ҳамидов Боситнинг Би-би-сига айтишича, кашфиёт иккита маҳсулотни ўз ичига олади.

Биринчиси, поезд рельсларга ишлатиладиган сурков мойлари поезднинг юқорига қийинчиликларсиз чиқишини таъминлайди.

"Локомотивга махсус ўрнатилган ускуна рельсларга ушбу сурков мойларини қуйиб кетади. Сурков мойи бўлмаса оғир юкли поездларнинг юқорига чиқиши қийинлашади ва кўп ёнилғи сарфлайди. Сурков мойи ишлатилса сирғалиш осон бўлиб кўп нарса тежалади", дейди Босит Ҳамидов.

Ушбу маҳсулот Ўзбекистоннинг кескин ўзгарувчан иқлимларида барча синовлардан мувафаққиятли ўтган ва уни Темир йўл вазирлиги сотиб олиб ишлаб чиқаришга қўйиши қолган холос.

"Темир йўллар вазири номига сотиб олинсин деган хат бор. Сотиб олишидан умид қилаяпман. Яқинда вазир билан учрашмоқчиман. Вазирликнинг ҳам бу маҳсулот бизга керак, сотиб оламиз деган мактуби бор", - дейди Босит Ҳамидов.

Иккинчи сурков мойи ўқларга ишлатилади. Ҳозирча у локомотивларда синовдан ўтмоқда.

Босит ака Ҳамидов Фанлар академияси қошидаги неорганик кимё институти билан бунгача ҳам кашфиётлар қилган. Шулардан бири графит пастаси номли сурков мойи.

"Локомотив ишлатадиган дизель моторда яхши ёнмайди ва натижада махсулотнинг бир қисми ҳавога қора тутун бўлиб чиқиб атроф муҳитга зарар етказади. Локомотивнинг ускуналари ишдан чиқиши мумкин. Агар бизнинг графит пастамиз ишлатилса дизель буткул ёнади", - дейди Босит Ҳамидов.

Локомотивга ишлатиладиган мой суркови графит пастаси ишлаб чиқаришга қўйилган бўлса-да, ҳозирча реализация қилинмаган.

Ўзбекистон фақатгина солидол сурков мойи ишлаб чиқилади. Деярли 20 турдан ортиқ сурков мойлари четдан, асосан, Хитойдан импорт қилинади. Бу давлат бюджетига бир йилда 500 минг АҚШ долларига тушади.

Босит ака Ҳамидов кашф қилган суркама мойларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ушбу ҳаражатларни тахминан 5 баробарга қисқартириши айтилмоқда.

"Ўзбекистон ҳозир битта сурков мойи - солидолни ишлаб чиқармоқда. Четдан олиб келиб овора бўлмасдан Ўзбекистон шароитида бунинг кўплаб турини чиқариш мумкин. Масалан, авиация, мудофаа вазирлиги ва темир йўл соҳасига етказиб беришимиз мумкин", дейди кашфиётчи олим Босит Ҳамидов.

Маҳсулотни ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, уни қўшни давлатларга ҳам экспорт қилиш мумкин. Чунки, қўшни давлатлар ҳам ушбу сурков мойларини четдан олиб келади.