Андижонда хусусий миниавтобуслар хизматига таъқиқ қўйилди

Андижон
Image caption Андижон шаҳрида аҳолига асосан "Damas" миниавтобуслари транспорт хизматини кўрсатиб келаётганди

Андижон шаҳридан келаётган хабарларга кўра, шаҳарда хусусий миниавтобуслар хизматига таъқиқ қўйилган.

Андижон вилояти ҳокими Нурилло Алимов буйруғига мувофиқ, шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатган "Damas" русумли хусусий микроавтобуслар ўрнига "Isuzu" русумли ўнлаб автобуслар қатнови йўлга қўйилган.

Андижон шаҳрининг 300 мингдан ортиқроқ аҳолисига ҳозирга қадар юзлаб хусусий миниавтобуслар хизмат кўрсатиб келаётганди.

"Андижон вилоятида аҳоли масканлари коммунал инфратизилмасини ривожлантириш ҳақидаги" Ўзбекистон президенти қарорига мувофиқ, жорий йилдан бошлаб 2015 йилга қадар Андижон шаҳрининг ўзида икки юзта Самарқандда ишлаб чиқилган "Isuzu" автобуслари қатнови йўлга қўйилиши лозим.

Маҳаллий кузатувчилар ҳозирча шаҳар аҳолига 70 га яқин "Isuzu" автобуслари хизмат кўрсатаётганини айтишади.

Натижада, уларнинг таъкидлашича, шаҳар аҳолиси ҳаракатида қийинчиликлар юзага келган.

Андижон шаҳри аҳолисига кўра, янги тартиб кучга кириши ортидан шаҳар транпорт қатнови деярли издан чиққан, кўплаб одамлар ўзлари истаган манзилларга пиёда кетишга мажбур бўлганлар.

Бундан ташқари лицензия асосида хусусий таксичилик билан шуғулланган юзлаб одамлар ишсиз қолган.

Бироқ, андижонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг айтишича, шаҳар транпсорт хизматидаги "ўзгаришлар таъсири ҳақида хулоса қилишга ҳали эрта".

Унга кўра, ҳозирга қадар шаҳар транспорт тизимида "тартибсизлик" ҳукмрон эди.

"Шахсий "Damas" эгалари ўзлари истаган йўналишда ва ўзлари истаган йўловчиларга хизмат кўрсатишарди," дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Унинг ишонишича, шаҳарда аниқ йўналиш бўйича автобус қатновининг йўлга қўйилиши келажакда аҳолига хизмат кўрсатишни яхшилаши мумкин.