The Telegraph:Ривалдо Гулнора Каримовадан ёрдам сўрамоқда

Image caption Ривалдо Zeromax ни ўтган йил августида маҳкамага берган

The Telegraphнинг ёзишича, "Бунёдкор"нинг касодга учраган хўжайини Zeromaxдан пулини ундиришга кўзи етмаётган бразилиялик футболчи Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага мурожаат қилмоқчи.

Мақолада ёзилишича,Барселонанинг собиқ ўйинчиси ва Испания фуқаролигига ҳам эга бўлган Ривалдо Каримова хонимдан Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси сифатида можарони ечишда ёрдам сўраш ниятида.

Телеграф "Бунёдкор"нинг собиқ хўжайини Zeromax ва Гулнора Каримова ўртасидаги алоқаларга тўхталмаган.

Аммо Ривалдонинг ҳимоячиси аввалроқ матбуотга "Бунёдкор"нинг ҳақиқий хўжайини Гулнора Каримова бўлганига ишонишларини айтган эди.

2002 йилда жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Бразилия миллий жамоаси таркибида бўлган ва беш йил Испаниянинг Барселона жамоасида тўп сурган Ривалдо "Бунёдкор" ўзига 16 миллион доллар қарздор эканини даъво қилмоқда.

2008-2010 йилларда "Бунёдкор" ҳужумчиси бўлган Ривалдо ўзбек жамоаси таркибида 33 марта дарвозага тўп киритган ва 2009 йилда Ўзбекистоннинг энг кўп гол урган ўйинчиси бўлган.

У "Бунёдкор"да ўйнаган биринчи йили ҳаммаси яхши бўлгани, аммо иккинчи йили муаммолар пайдо бўлганини айтган.

Телеграфнинг ёзишича, Ривалдо "Бунёдкор"нинг хўжайини бўлган Швейцарияда рўйхатдан ўтган Zeromax ширкатини ўтган йил августида маҳкамага берган.

Аммо у бу ҳақда Zeromax Ўзбекистонда касодга учраб, пулни ундириб олиш осон бўлмаслигини англаб етганидан сўнггина жамоатчиликка ошкор этишга қарор қилган.

'Ёрқин шахсият' ва жирканч тузум

Телеграф 38 ёшли Гулнора Каримовани "фасон дизайнери ва поп юлдузи" деб таърифлайди.

Рўзномага кўра, ёрқин шахсиятга эга бўлган 38 ёшли Гулнора Каримова Гугуша тахаллуси билан жозибадор клипда суратга тушган ва унинг бойлиги 390 миллион фунт-стерлинг деб баҳоланади.

"Унинг отаси инсон ҳуқуқларини энг кўп топтаган раҳбарлардан ҳисобланади ва Андижонда хавфсизлик кучлари оломонга қарата ўт очиб, юзлаб одамларни ўлдириши ортидан Оврўпо Иттифоқи унга қарши жазо чораларини киритган", дейилади мақолада.

Телеграфнинг ёзишича, Ривалдонинг маҳкама даъвоси мўмай шартномалар эвазига Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиё давлатларидаги жамоаларга ўйнаш учун бораётган бошқа халқаро футболчилар учун бир огоҳлантиришдир. Рўзнома Махачқаланинг "Анжи" жамоасига ўйнаётган Роберто Карлос ҳамда Грознийнинг "Терек" жамоасига раҳбарлик қилаётган Руд Гуллитларни эслатиб ўтади.

Ривалдонинг ҳимоячиси Луис Перейрага кўра, "жирканч тузумларнинг жамоаларида тўп сураётган ўйинчилар футболдан кўпроқ нарса гаровга тикилганини англаб етишлари керак".