Ўзбекистонда аксилҳукумат намойишларига чақирган гуруҳ фаолияти текширилмоқда

Ўзбекистондан олинган хабарга кўра, хавфсизлик идоралари аввалроқ интернетда аксилҳукумат намойишларига даъват билан чиққан гуруҳ фаолиятини текширишни бошлашган.

Номи ошкор этилишини истамаган ўзбекистонлик фаоллардан бирининг Би-би-сига айтишича, у Миллий Хавфсизлик Хизматига чақирилиб, "Етар!" номли ташкилотга аъзо ёки эмаслиги борасида саволга тутилган.

Ушбу ташкилот куни-кеча интернет орқали 1 июл куни Ўзбекистонда оммавий намойишлар ўтказиб, президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб этиш режасини эълон қилган эди.

"Етар" интернет тармоқларида ўзини 20-25 чоғли ўзбекистонлик ёшлардан иборат ҳаракат сифатида тақдим этади ва мақсадлари президент Каримовни тинч йўл билан ҳокимиятдан четлатиш эканини баён қилади.

Араб инқилобларининг Ўзбекистонга таъсирини ўрганган Тошкентдаги мустақил Эксперт Ишчи Гуруҳидан Суҳроб Исмоиловга кўра, бу каби ҳаракатларнинг ортида ким турганлигини аниқ айтиш қийин.

"Лекин уларни, шубҳасиз, Араб давлатларида юз бераётган воқеалардан илҳомланиб, шунга ўхшаш шароитларда Ўзбекистонда ҳам ҳокимиятни алмаштиришга уриниб кўришга бўлган бир ҳаракат десак бўлади," дейди таҳлилчи:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, сўнгги пайтларда турли хил номлар остида баёнотларнинг эълон қилинаётгани, Ўзбекистондаги вазиятни баҳолаш, хулоса чиқариш ва уларни оммалаштиришга қаратилган ўзбек тилидаги турли хил веб саҳифаларнинг кўпайиб қолганлиги - уларнинг ортида битта гуруҳ ёки аввалдан келишиб олган бир неча гуруҳ турган бўлиши мумкин, деган тахминларга ҳам етаклайди.

Таҳлилчига кўра, "бу каби баёнотларни пухта ўйланган, Ўзбекистоннинг ичкарисидаги ташкилотчилик ишларига, инсон ресурсларига, омма билан ишлаш механизмларига таянган деб айтиб бўлмайди ва улар кўпроқ таваккалчилик принципи асосида берилган".

Суҳроб Исмоилов, яна, бунга ўхшаш баёнотлар билан чиқаётганлар Ўзбекистон билан қизиқадиган дунё геополитик кучларининг мавқеи ҳам бу масалада муайян роль ўйнашини назардан қочирганликларини айтади.

Таҳлилчи бу каби баёнотлардан Ўзбекистон ҳукумати тўғридан-тўғри хавотирга тушиб қолмаган бўлса ҳам, ўзларига маълум бўлган омиллар ва фаолиятларига бўлаётган муносабатлардан бундай эҳтимолни буткул назардан соқит этиб бўлмаслигини айтади.

Аммо у Ўзбекистондаги сиёсий тузум жорий пайтда мавжуд вазиятни консервация ҳолида ушлашга лаёқатли эканини ҳам урғулайди.

Маҳаллий таҳлилчи, ўз ўрнида, охирги кузатувларига таяниб, сўнгги йилларда Ўзбекистон халқининг сиёсий режимдан кўнгли қолаётгани кузатилаётганини айтади.

"Ҳукуматнинг ваъда қилган кўп ислоҳотлари рўёбга чиқмаётганлигини кўрган оддий халқ бундан ҳафсаласи пир бўлаяпти ва бу нарса норозиликларга айланаяпти," дейди у.

Айни пайтда Швециядаги мустақил Янгидунё нуқта ком саҳифасида ўзбекистонликларни президент Ислом Каримов тузумига бўйсунмасликка чақирувчи яна бир баёнот пайдо бўлган.

Баёнотда, "халққа қарши бўлган ҳукуматга бойкот эълон қилиш, президент Каримовнинг сўзсиз истеъфоси талаби билан ҳукуматга бўйсунмасликка қаратилган умумхалқ кампаниясини бошлаш зарурлиги" айтилади.

Саҳифа муҳаррири Юсуф Расулга кўра, веб саҳифаларида эълон қилинган баёнот ўз исм-шарифларини эълон қилишни истамаган Ўзбек мухолифати вакиллари ва ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаолларидан иборат гуруҳга тегишлидир.

Юсуф Расул, ўз ўрнида, янги ташкилий гуруҳнинг "Бирлик" ёки "Эрк" партиясига умуман алоқаси йўқлиги ва мухолифатчилар ичидан пайдо бўлган янги ташкилот эканини айтади.

Унинг билдиришича, ҳозирча ўзларини ошкор қилишни истамаётган гуруҳ аъзолари Ўзбекистондаги сиёсат ва мавжуд воқеиликни яхши тушунадиган, таҳлил қила оладиган етук сиёсатчилардан иборатдир.

Интернетдаги бу каби чақириқлар ортида бирон аниқ ҳаракат борми, деган саволимизга веб саҳифа муҳаррири мана бундай деб жавоб беради:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўтган ҳафта Ўзбекистон ва Россия президентлари Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги "фожиали воқеалар ва уларнинг бошқа минтақаларга эҳтимолий таъсирини" муҳокама қилишгани ҳам хабар берилганди.

Аммо президент Ислом Каримовнинг ўзи ҳозирга қадар Шимолий Африкада бошланиб, Яқин Шарққа ёйилган халқ ғалаёнлари ҳақида ҳеч қандай очиқ баёнот билан чиқмаган.

Таҳлилчилар ҳам Россия ва ҳам Ўзбекистондаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий вазиятни назарда тутиб, араб дунёсидаги каби қўзғолонлар учун шароит мавжуд эканини назардан соқит этишмайди.

2005 йилнинг 13 май куни ижтимоий, иқтисодий ислоҳотлар талаби билан Андижонда ўтказилган Ўзбекистон мустақиллиги тарихидаги энг йирик оммавий намойишлар эса, куч билан бостирилганди.