Хитой Марказий Осиёдан қандай манфаат кўради?

Image caption Хитой кучли, баъзи таҳлилчилар таъбирида ҳатто агрессив сармоядорлик сиёсатини олиб бормоқда

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хитойга икки кунлик ташрифи давомида ҳамкасби Ху Жинтао билан ўзаро алоқалар ва минтақадаги вазиятни муҳокама қилади.

Хитой матбуотига кўра, Пекин ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар "бир маромда" ривожланмоқда.

Расмий Пекин Президент Каримов тузумига сиёсий ва иқтисодий дастак бериб келади.

Хитой, шунингдек, Ўзбекистонни минтақадаги диний экстремизм ва бўлгинчиликка қарши курашда муҳим ҳамкор сифатида кўради, аммо, расмий Пекин Ўзбекистон ва минтақадаги манфаатлари ҳақида очиқ гапирмасликни афзал кўради.

Би-би-си Хитойнинг Ўзбекистондаги манфаатлари қандай экани ҳақида Россия Миллий Стратегия Институтининг директори Юрий Солозобовдан сўраган.

Солозобов: Умуман олганда, Хитой Марказий Осиёни ўзининг чекка бир бўлаги, иқтисодий ҳудуди сифатида кўради. Расмий Пекин Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти имкониятларидан фойдаланиб, ушбу минтақада иқтисодий фаолиятини амалга ошириб келади. Яқинда Хитой ҳар бир Марказий Осиё давлати инфраструктурасига таҳминан 2 миллард доллардан маблағ ажратишини эълон этди. Бу Қозоғистон ва Туркманистон каби давлатлар учун унчалик сезиларли бўлмасада, Тожикистон ва Қирғизистон учун ниҳоятда катта маблағ саналади. Минтақада Хитой стратегик манфаатни кўзлайди. Пекиннинг асосий мақсади стратегик муҳим бўлган соҳалар, жумладан сув ва энергетика иншоотлари, шунингдек, хом ашё манбалари назоратини қўлга олишдир. Мисол учун, Тожикистонда Хитой манфаати, йўл ва тунеллар, сув ГЭСларига қаратилган бўлса, Ўзбекистонда Хитойни асосан уран, газ ва бошқа ерости қазилмалари қизиқтиради.

Би-би-си: Ўзбекистонда Хитой манфаатлари нуқул иқтисодга қаратилган ва Пекинни сиёсий вазият қизиқтирмайди деб айтиш тўғрими?

Солозобов: Президент Ислом Каримовни Ғарбда қариган, авторитар лидер сифатида танишади. Расмий Тошкент Президент Каримов режими сиёсий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватланишини хоҳлайди. Ўзбекистон Хитой сармоялари киритилиши қатори, ҳарбий соҳадаги ҳамкорликларини ҳам ривожлантирмоқчи. Ўзбекистон Хитой армияси орттирган тажрибани ҳам ўрганишга интилади. Лекин, қандай бўлмасин, Марказий Осиё ва Хитой ҳамкорлигининг бошқа бир томонини ҳам назардан қочирмаслик керак. Марказий Осиё халқлари ўтмишда Хитой билан бўлган муносабатларида жуда қайғули тажрибага эгалар, яъни марказий Осиё халқлари Хитой билан ўта яқин алоқада бўлиш - ассимиляцияни, яъни миллий ўзликни йўқотиш хатарини яратиши мумкинлигини яхши билишади.

Би-би-си: Бу ўринда Марказий Осиёда Хитойнинг асосий рақиби Россияга келсак, Пекин фаоллиги Москвани хавотирга соладими?

Солозобов: Мен Марказий Осиё минтақасида Москва Хитойнинг асосий рақиби деб айтмаган бўлардим. Россиянинг асосий муаммоси бу унинг стратегик жиҳатдан ўта заифлигидир. Пекиндан фарқли ўлароқ, Москвада Марказий Осиё бўйича ишлаб чиқилган аниқ бир сиёсат йўқ. Россия минтақа давлатларидан ҳозирда фақат стратегик шериги Қозоғистон билан аниқроқ бир сиёсат юргизаётканини кузатиш мумкин.