Ўзбекистон: бозорларда нарх-наволар кўтарилгани сабаби нимада?

Ўзбекистон бозорларида асосий истеъмол маҳсулотлари - ун, ёғ ва гўшт нархлари ошгани кузатилган.

Бунинг сабаблари сифатида 1 апрелдан коммунал хизматлар ва жамоат транспорти ҳақлари кўтарилгани, мамлакатга олиб кириладиган импорт маҳсулотлар тўлови оширилгани ва янги ҳосилнинг бозорга кириши олдидан кузатиладиган тақчиллик деб кўрилмоқда.

Аммо жиззахликлар мол гўшти нархининг не сабабдан бирданига 2000 сўм кўтарилиб кетганини тушуна олмаётганликларини айтадилар.

Тошкентда шу кеча-кундузда картошка, пиёз ва сабзи 1000 Ўзбекистон сўмига чиққан.

Мол гўшти 13 минг сўм, қўй гўшти 14-15 минг сўмга етган, хорижий ўсимлик ёғининг бир литри 5000 сўмдан ошган, Қозоғистон буғдой унининг бир килограмми 2000 сўмга сотилаяпти.

Гулистонда бир килограмм гуруч 2000-2500 сўмга етган, маҳаллий пахта ёғининг бир литри 2800-3000 сўмдан сотилаяпти.

Жиззахда охирги ҳафтада бир килограмм мол гўшти 10000 сўмдан 12 минг сўмга кўтарилган, қўй гўшти 13 минг сўмга сотилаяпти, олдин 400 сўмга сотилган 1 килограмм пиёз 1000-1200 сўмга етган, 500 сўмлик картошкани бозордан 700-800 сўмга сотиб олиш мумкин.

Ўзбекистонда деҳқон бозорларидаги нарх-навони ҳам маъмурий усуллар билан пасайтириб туришга ҳаракат қилинади.

Лекин бунга қарамасдан, бозор барибир бозор, талаб ва эҳтиёж, йил мавсумларига қараб маҳсулотларнинг баҳолари стихияли шаклланади.

Ўтган йил баҳорларидан фарқли тарзда бу йил сезиларли нарх-наво кўтарилишига асосан уч омил туртки берган деб кўрилаяпти.

Биринчиси, 1 апрелдан марказий иситиш тизими, иссиқ сув, совуқ сув учун ҳақлар кўтарилди, Тошкентда иссиқ сув 10 фоиз, совуқ сув 15 фоиз қимматлагани хабар қилинган эди.

Иккинчиси - Ўзбекистонга олиб кириладиган импорт маҳсулотлари божи ҳам 1 апрелдан кўтарилган, бу Ўзбекистонда жуда кўп истеъмол қилинадиган Қозоғистон унининг нархи ошишига сабаб бўлгани айтилаяпти.

Учинчиси, бу йилги картошка-пиёзнинг ҳали бозорларга етиб келмагани пайтига тўғри келгани.

Аммо Жиззахда мол гўштининг кескин қимматлагани сабаби кўпчиликка аён эмас.

Жиззах вилояти, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари сингари пойтахт Тошкентни ҳам гўшт билан таъминлайдиган ҳудуд ҳисобланади.

Наманганликларнинг айтишларича, бир неча кун илгари Наманган шаҳрида гўшт дўконларида ҳатто гўшт йўқолиб қолган.

Маҳаллий қассобларга кўра, бўрдоқи қорамол нархининг баландлигидан молни сўйиб, гўштини сотишдан зарар кўришлари мумкин бўлган, шунинг учун мол сўйилмаган.

Бир ойча олдин Тошкентда деҳқон бозорларидаги олибсотарларга қарши кураш бошлангани, бир неча олибсотар қўлга олиниб, жарималарга тортилгани ва нарх-навони пасайтириш мақсадида бозорларда "Элга хизмат" деган янги хизматлар йўлга қўйилгани ҳақида маҳаллий матбуот хабар тарқатган эди.

Кузатувчилар, буни Араб дунёсидаги ғалаёнлардан хулоса чиқариш маъносида талқин ҳам этишган.

Аммо тошкентликлар деҳқон бозорида нарх-навони тушириш учун йўлга қўйилган "Элга хизмат" ташкилоти ходимларини ҳам маош билан таъминлаш зарурлигини, шундан келиб чиқиб, улар жуда ҳаракат қилинган пайтда ҳам нарх-навони бозорда табиий шаклланган нархлардан жуда пасайтириш имконсизлигини айтишади, шунинг учун бу янги тартиб-қоида бозор баҳоларига таъсир кўрсата олмаган.

Бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда мавжуд хорижий валютанинг "қора бозор"ида 1 АҚШ долларининг қиймати 2140 сўм экани хабар қилинади.