Роғун лойиҳаси раиси ўзбекистонлик мутахассис хавотирларини рад этди

Роғун

Роғун ГЭСи ширкатининг раиси Нурулло Шулашов ўзбекистонлик мутахассисларнинг ушбу ГЭС қурилишига оид лойиҳа ҳақида билдирган хавотирларини "асоссиз", дея рад этди.

Ўзбекистондаги "Гидропоект" очиқ ҳиссадорлик жамиятининг раҳбари Сергей Жигарев Тожикистондаги Роғун электростанцияси мавжуд лойиҳа асосида қурилса, минтақа учун жиддий хавфни келтириб чиқариши мумкин, дея огоҳлантирган эди.

Март ойи охирида маҳаллий газеталардан бирида чоп этилган Сергей Жигарев мақоласи "Роғун лойиҳаси Марказий Осиё учун цунамини англатади", деб номланади.

Мақола билан танишиш учун бу ерга босинг

Роғун ГЭСи раиси Нурулло Шулашев Сергей Жигарев мақоласини "буюртма асосида" ёзилганини даъво қилган.

Нурулло Шулашев 22-апрел куни Тожикистон матбуоти орқали нашр этган раддиясида Сергей Жигарев огоҳлантиришлари "илмий асосга эга бўлмагани"ни ёзган.

"Агарда Роғун электростанцияси қурилиши назарда тутилган минтақада кучли зилзила рўй берса 335 метрлик сув босими кескин ошиб, тўғон чидам бермай қолиши мумкин ва улкан сув тошқини минтақа учун цунамидек хавфни келтириб чиқаради", деб огоҳлантиради жаноб Жигарев.

Нурулло Шулашов ўзбекистонлик мутахассиснинг мазкур сўзларини "муаллиф тахайюли" деб атаган.

Ихтилофлар

Роғун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ихтилофлар бир неча йилдан буён мавжуд.

Ўзбекистон ҳукуматининг даъво қилишича, Роғун омборини сувга тўлдириш жараёнида дарёнинг қуйи минтақаларида жойлашган мамлакатлар саккиз йилгача сувсиз қолиши мумкин.

Тожикистон томони эса бу даъвони қатъиян рад этади.

Тожикистон билан Жаҳон Банки ўртасидаги келишувга мувофиқ, халқаро экспертлар ҳозирда Роғун лойиҳасининг техник жиҳатлари ва атроф-муҳитга таъсирини текширишмоқда.

Президент Имомали Раҳмон ушбу текширувлар май ойи охирига бориб ниҳоясига етишини эълон қилган.

Баъзи кузатувчиларга кўра, Оврўпо Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Роғун лойиҳасини қўллаб-қувватлашлари мумкин.

Сўнгги пайтларда Ғарб давлатлари Тожикистон ва Қирғизистон электр энергиясининг Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонга узатилишига қизиқиш билдирганлар.