Қўшма Штатлар ЎИҲга алоқадор шахсни Олмония ихтиёрига топширди

Багром базаси
Image caption АҚШнинг Багром базаси ичкарисида исёнчилар учун мўлжалланган қамоқхона ҳам бор

Қўшма Штатлар ўн ойдан буён Афғонистонда ушлаб турилган террор гумондорини Олмония ҳуқуқ-тартибот идоралари ихтиёрига топширган.

Прокурор асли афғонистонлик Олмония фуқароси Аҳмад Вали Сиддиқийни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоси бўлганликда айбламоқда.

Унинг Афғонистондаги иттифоқчи қўшинларга қарши ҳарбий тайёргарликдан ўтгани хабар қилинади.

Би-би-сининг Олмониядаги мухбири Стефен Эванснинг айтишича, Аҳмад Вали Сиддиқий Ҳамбургдаги мутаассиб диндорлар қатновчи масжидга алоқаси бўлган ва икки йил муқаддам ғойиб бўлган ўндан ортиқ шахснинг биридир.

Уларнинг Ғарбга қарши жиҳод қилиш мақсадида ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун Шимолий Вазиристондаги жамлоқларга сафар қилишгани ишонилади.

Аҳмад Вали Сиддиқий Американинг Афғонистондаги энг йирик ҳарбий базаларидан бири - Багром ўтган йил майида Толиблар ҳужумига тутилишидан кўп ўтмай ҳарбий база яқинида қўлга олинганди.

НАТО етакчилигидаги кучлар сўзчисига кўра, бир неча соат давом этган мазкур ҳужумда етти исёнчи ҳалок этилган, хорижий кучлардан 5 нафари яраланган.

Кўп ўтмай Ўзбекистон Исломий Ҳаракати баёнот тарқатиб, Багром ҳарбий базасига ҳужумда ҳаракат аъзолари иштирок этганини тасдиқлаган эди.

Расмийларга кўра, қўлга тушгач Аҳмад Вали Сиддиқий Оврўпода ҳужумга тутилиши мумкин бўлган жойлар борасида батафсил маълумот берган.

У берган маълумотлар ортидан Париж, Лондон ва Берлиндаги поезд ва метро станциялари, аэропортлар ва сайёҳлар гавжум бўладиган нуқталарда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Қўшма Штатлар расмийларига кўра, тўққиз ой давомида Багромдаги қамоқхонада ушлаб турилган Аҳмад Вали Сиддиқий Рамстейндаги АҚШ базасида Олмония полициясига топширган.

Олмониялик прокурорнинг айтишича, Аҳмад Валий Сиддиқий қурол-яроқ ва портловчи моддалардан фойдаланиш бўйича тайёргарликдан ўтиш ҳамда қисман қуролли тўқнашувларда иштирок этишда гумон қилинмоқда.

У билан бирга ғойиб бўлган шахсларнинг баъзилари АҚШнинг учувчисиз учоқлари ҳужумларида ҳалок бўлгани ишонилади.

Олмония полицияси ихтиёрига топширилган гумондорга нисбатан қандай чора қўлланиши маълум эмас.

Ҳимоячилар Аҳмад Вали Сиддиқий дастлаб қон тўкиш ва террор амаллари содир этишни ният қилган эса-да, у берган маълумотлар туфайли қатор ҳужумлар бартараф этилган, дея даъво қилишлари мумкин.