Доналд Рамсфелд 'Ўзбекистондаги қирғинни хаспўшлаган эдими?'

Доналд Рамсфелд Каримов ва бошқа ўзбек расмийлари билан бирга

АҚШда чоп этиладиган "The Atlantic" журнали Доналд Рамсфелд "Ўзбекистондаги қирғинни хаспўшлаган эдими?" номли мақола эълон қилган.

Америка собиқ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд ўзининг "Маълум ва номаълум" деб номланган китобида Андижон воқеаларига АҚШ муносабати "ўз ҳукумати ташқи сиёсатдаги энг афсусланарли хатоларидан бири" бўлганини ёзганди.

"Марказий Осиёдаги собиқ Шўро республикаларидан бири - Ўзбекистонда юз берган ҳодисаларнинг "назардан четда қолиши" ҳайратланарли эмас", дейди мақола муаллифи Жеймс Кирчик. Аммо, унга кўра, Ўзбекистон Афғонистоннинг шундоқ биқинида, стратегик муҳим ерда жойлашган ва айнан шу жиҳатдан 2001 йил 11 сентябр ҳужумларидан кейин унинг халқаро майдондаги аҳамияти ортганди.

Ўшанда Ўзбекистон ҳукумати Қўшма Штатларга собиқ шўролар даврида барпо этилган, "нураб бораётган" Хонобод ҳаво базасидан фойдаланишга рухсат берганди, дейилади мақолада.

Шунингдек, мақолада "1991 йил мустақилликка эришганидан бери собиқ совет аппаратчик Ислом Каримов тарафидан бошқарилаётган Ўзбекистонда" инсон ҳуқуқлари бўйича вазият абгор экани ва Афғонистон урушидан кейин ҳам яхшиланмагани қўшимча қилинади.

"Америка манфаатлари ва қадриятлари ўртасидаги танглик 2005 йил бурилиш нуқтасига етди", дейди Жеймс Кирчик.

Мақолада Ўзбекистон ҳукумати Андижон шаҳрида 23 тадбиркорни ҳибсга олиши билан бошлангани, тузум уларни диний-экстремистик ташкилотга алоқадорликда айблагани ва бундай усул унинг кўплаб мухолифларига қарши тез-тез қўлланилиши айитилади.

"Андижонда минглаб қуролсиз намойишчилар тўплашганди, дейилади мақолада, улар ҳибслар ва ҳукуматдаги коррупция ҳамда таниш-билишчилик ҳоллари юзасидан каттароқ хавотирларини билдиришганди".

"13 май куни тонгда, аввалроқ милиция гарнизонига ҳужум қилган қуроллилар тадбиркорлар сақланаётган қамоқхонани нишонга оладилар, уларни ва бошқаларни озод қиладилар", деб ёзади мақола муаллифи.

Бунга жавобан эса, ўзбек кучлари катта сондаги намойишчиларни нишонга олдилар. Ҳодисада расман 187 инсон нобуд бўлгани билдирилган. Ноҳукумат ташкилотлари хабарларида эса, қурбонлар сони 1000га яқин экани айтилади.

"Аммо, Рамсфелднинг Андижон фожеаси борасидаги қарашлари аксар халқаро кузатувчиларникидан фарқ қилади", дейди мақола муаллифи.

"Кўринишидан, ҳужумдан мақсад Ўзбекистон шарқида Исломий давлат, халифалик барпо этиш ҳаракатида бўлган Исломий экстремистик гуруҳ аъзоларини озод қилиш бўлган", деб ёзади Доналд Рамсфелд.

Қирғин ҳақида эса: "Бу кенг миқёсда даъво қилинган ва нотўғри хабар қилинганидек, аскарлар бегуноҳларни қирғин қилганига оид оддий масала эмас эди", дейди АҚШ собиқ мудофаа вазири.

"Унинг версияси Каримов тузуминикидан бошқа, афтидан, барча томонлар: инсон ҳуқуқлари гуруҳлари, халқаро матбуот, гувоҳлар, АҚШ жосуслик хизмати ва ҳатто Давлат Департаментиникидан фарқ қилади", дейди мақола муаллифи.

Рамсфелд жанобларининг ўзи берган маълумотлар ҳам китобидагиларга зид тушади, дейилади мақолада.

Мудофаа Жосуслик Агентлиги директори томонидан тайёрланган ҳужжатга кўра, кўпчиликнинг фикрича, ушбу тадбиркорлар исломий экстемистлар эмас, жамоа аъзолари бўлишган. Ҳужжатда уларнинг озод этилиши талаб қилиб, тўпланган одамларнинг Исломий халифалик барпо этиш истаклари бўлмаган, дея хулоса қилинган.

"Одамларни қўзғатган нарса - экстремистик ғоялар эмас, абгор ижтимоий-иқтисодий шароитлар ва ҳукуматнинг репрессив сиёсатларига нисбатан ғазаб ва норозилик бўлгани экани, қарийб шубҳа йўқ", дейилган Мудофаа Жосуслик Агентлиги директори Лоуэл Жакоби ҳисоботида.

"Каримов бу норозилик асосида чуқур адолатсизлик ҳисси ётганини тушунмайди", деб ёзганди Лоуэл Жакоби.

Рамсфелд эса, қайта - қайта қамоқхонага қилинган ҳужум Исломий давлат барпо этиш ниятида бўлган одамлар тарафидан амалга оширилгани борасидаги ҳукумат даъволарини такрорлайди.

Мақола муаллифи Рамсфелд жанобларининг Андижон ҳодисалари борасидаги фикрлари билан инсон ҳуқуқлари гуруҳлари баёнотларини бир-бирига қарама-қарши қўяди. Масалан, Доналд Рамсфелд китобида Андижон воқеалари ортидан инсон ҳуқуқлари ташкилотлари олиб борган тадқиқотларни ҳужумга олади.

Унинг айтишича, намойишчилар орасида қуролли кишилар бўлганини Хюман Райтс Вотч каби ташкилотлар қайд қилишмаган.

Муаллиф эса, Доналд Рамсфелднинг мулоҳазалари Давлат Департаменти 2005 йил инсон ҳуқуқлари бўйича чиқарган ҳисоботи билан ҳам мос тушмаслигини айтади ва ҳисоботдан парчалар келтиради. "Ўша уни кечқурун (13 май) қатор гувоҳлар кўрсатмаларига кўра, ҳукумат кучлари оламонга қарата ёппасига, огоҳлантирмай ўт очишган. Қочаётган кўплаб тинч фуқаролар ўлдирилганига оид ишончли хабарлар бор", деб ёзилади Давлат Департаменти ҳисоботида.

Шунингдек ҳисоботда, "аскарлар 14 май куни ҳам майдонга қайтганлари ва ўлганлар орасида қолиб кетган ярадорларни қатл қилганлари" битилади. "Қатор бошқа гувоҳларга кўра, ҳукумат хизматчилари қурбонларнинг жасадларини юк машиналарига ортиб олиб кетганлари, уларни кўплаб белгисиз қабрларга кўмишган".

Мақолада ҳисоботда келтирилган яна бошқа қатор маълумотлар тилга олинади.

"Мен ўтган ой Рамсфелдни интервью қиларканман, деб ёзади муаллиф, ўзи иштирокида тузилган Мудофаа Жосуслик Агентлиги ҳисоботи ҳақида сўрадим. Аммо, у қилт этмади. "Мен, албатта, китобимда ёзганларимга собитман", деди у".

Доналд Рамсфелд ўз ёдномасида Андижонда юз берган хунрезликлар ортидан АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан қабул қилган сиёсати нотўғри бўлгани ва бунинг ортидан Америка миллий манфаатларига зиён етганини айтган.

Мақола муаллифига кўра, Рамсфелд жанобларининг Мудофаа вазири сифатида Ўзбекистон билан ижобий муносабатлар тарафдори бўлганлигини тушунса бўлади.

Яъни, Афғонистондаги уруш билан ҳисоблашиши керак бўлган АҚШ Мудофаа вазирининг асосий ташвиши инсон ҳуқуқлари борасидаги ҳисоботлар бўлмаган.

Аммо, муаллиф Рамсфелднинг Андижон масаласида Каримов тузуми версиясини тўтиқушдек такрорлашини Қўшма Штатлар обрўси ё-да, Афғонистондаги манфаатларига шикаст етгани учун эмас, балки ўз даъволари оқлашга уриниш, дея баҳолайди.