Самарқандда томорқаси тортиб олинган аёллар намойиши куч билан тарқатилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Камбағал Марказий Осиёда томорқа ҳам рўзғорнинг бир тарафини кўтариб туради

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида юзга яқин аёл ўз томорқаларининг давлат ихтиёрига ўтказилишига қарши норозилик намойишига чиқишган.

Хабарларга кўра, аёллар Каттақўрғон-Самарқанд шоҳ йўлини бир неча соат давомида тўсиб қўйишган. Аммо маҳаллий ҳокимият куч билан уларни тарқатган.

"Айтишларича, қуролланган милиция аёлларни тупроққа белаб, уриб, олиб кетган" - дейди иштирокчилар билан гаплашган жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроев -"Лекин уларни кейин қўйиб юборишибди".

Маълум бўлишича, бу аёлларнинг оилалари 90-йиллар бошида томорқа олишган. Лекин ўтган вақт давомида иморат тикламагани учун, ушбу оилалар эндиликда ерларидан маҳрум бўлишмоқда.

Ўзбекистонлик ҳуқуқбонларга кўра, агар шахсий уй қуриш учун олинган томорқадан фойдаланилмаса ва муайян вақт ичида иморат кўтарилмаса, маҳаллий ҳокимият ерни қайта олиб қўя олади. Чунки бу айни оиланинг томорқага эҳтиёжи йўқлигини англатиши мумкин.

"Балки мазкур оилаларнинг кўпчилиги иқтисодий шароитлари оғирлиги туфайли иморат тиклай олишмагандир" - дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Бироқ ушбу томорқаларда тикланган уйлар ҳам бузилаётгани ҳақидаги хабарларни инсон ҳуқуқлари фаоли рад этди.

"Биронта ҳам уй қурган одамнинг ери олиб қўйилганини эшитмадик. Ер олиб, уй тикламаган ва ёки фақат бирон экин экиб, пойдевор ташлаб қўйганларнинг томорқалари тортиб олинаяпти" - дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Оқдарёдаги каби ҳолатлар сўнгги пайтлари Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам кузатилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, илгарироқ Бухоронинг айрим қишлоқларида ҳам ерларидан ажралиб қолаётган одамлар норозилик амали ўтказишга уринишганди.

Камдан кам ҳолатларда эса баъзи вилоятлардаги маҳаллий ҳокимият иқтисодий шароити ўта оғир хонадонларга томорқаларини қайтариб беришга рози бўлгани ҳам билдирилмоқда.

Аҳолиси қарийб 30 миллионга яқинлашиб қолаётган Ўзбекистонда экин экиш ва яшашга яроқли ер майдонлари йил сайин қисқариб бормоқда. Мутахассисларга кўра, мамлакатда саҳролашиш жадал давом этмоқда.

Бунинг устига, пахта каби стратегик маҳсулот экиш учун керакли катта миқдордаги ер ҳамда сув манбаларидан фойдаланишни давлат назорат қилиб келади.