Россияда аёллар савдоси билан шуғулланган гуруҳ устидан ҳукм ўқилди

Фоҳишалар
Image caption Фоҳишаликка мажбурланганлар орасида ўзбекистонлик аёллар ҳам бўишган

Москва ҳарбий маҳкамаси аёлларни ўғирлаш ва сотишда айбдор деб топилган бир гуруҳ аъзоларини беш йилдан 19 йилгача озодликдан маҳрум этди.

Россия Бош штаби марказий разведка бўлими ходими, полковник Дмитрий Стриканов 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Айблов бўйича жаъми 13 шахс – олти Россия, беш - Молдова ва 2 – Исроил фуқароси жавобгарликка тортилган.

Маҳкамага кўра, ушбу гуруҳ 1999 йилдан 2007 йилга қадар 130 аёлни Оврўпо ва Яқин Шарқ давлатларига фоҳишалик қилишга олиб ўтгани исботланган.

Фоҳишаликка юборилган аёллар Молдова, Украина, Россия, Белорусия ва Ўзбекистон фуқароларидан иборат экани айтилади. Маҳкама қарорига мувофиқ, одам ташиш билан шуғулланган гуруҳ раҳбарлари Ави Янай 18 йилга, Игор Слесарев эса 19 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ави Янай олдин Исроилда икки маротиба маҳкамга тортилгани айтилади.

Россия Бош прокуратурасининг маълум қилишича, айбланувчилар аёлларни алдов йўли билан Оврўпо ва Яқин Шарқ давлатларига олиб борганлар.

Гуруҳ аъзолари қалбаки паспортлар ёрдамида сайёҳлик ширкатлари орқали Москва ва Санкт-Петербургдаги хорижий элчихоналарда аёлларга "Шенген" визаларини олишган ва хорижда аёллар паспортлари тортиб олиниб, уларни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилишган.

Айбланувчилар ҳимоячилари чиқарган ҳукмдан норози эканликларини айтишди.

Мутахассислар фикрига кўра, фоҳишаликка мажбурланган аёлларнинг кўпчилиги, алдов йўли билан жиноий груҳлар тузоғига тушади.

Санкт-Петербургда ўзбек тилида чоп этиладиган "Петербург-Уз" номли газета таъсисчиси Равшан Қурбоновнинг айтишича, фоҳишаликка мажбур қилинган аёллар орасида Марказий Осиё фуқаролари ҳам кам эмас.

"Ўзбек аёлларимиз ишга келадилар бу ерга. Бу ерда "посредник"лар бор. Улар аёлларга "ёрдам берамиз," деб қалбаки ҳужжат тайёрлаб беришади ва ортидан милицияни ҳам хабардор қилишади. Милиция бориб аёлларни ушлайди. Кейин "посредник" бориб, аёлларни қутқариб қолган бўлади. "Посредник" келиб: "ё фоҳишалик қиласан ёки милицияга топшириб, қаматтириб юбораман," деб таҳдид қилади. Пулсиз, ҳужжатсиз қолган аёллар кейин нима қилишсин?! Фоҳишалик қилишга мажбур бўлишади," дейди Равшан Қурбонов.

Аёлларни фоҳишалик қилишга мажбурлаган гуруҳ Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати, Ўзбекистон, Италия , Финландия ва Интерпол ходимлари ўтказган қўшма амалиёт натижасида қўлга туширилгани хабар қилинади.