Ўзбекистон Афғонистонда янги темирйўллар қуриш истагида эканини айтмоқда?

Ўзбекистон томони уч ўн йилликдан бери урушлар тинмаётган Афғонистонда янги темирйўл қуриш ишларида иштирок этиш режасида эканини билдирган.

Ўзбекистон ва Россия оммавий-ахборот воситаларига кўра, расмий Тошкентнинг ушбу ниятини яқинда бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий анжуман чоғида Ўзбекистон Бош вазири муовини ва Молия вазири Рустам Азимов изҳор этган.

Хабарларда айтилишича, жаноб Азимов келаси 3-4 йил ичида Афғонистон ғарбига йўналган ва Ҳирот шаҳригача борувчи темирйўл линиясини қуриш режасида эканликларини маълум қилган.

"Ўзбекистон темир йўллари" ширкати ўтган йил Ҳайратон ва Мозори-Шарифни уловчи темирйўлнинг биринчи босқичини қуриб битказгани ҳам хабар берилганди.

175 миллион долларга тушган ушбу лойиҳа Осиё Тараққиёт Банки ва Афғон ҳукумати томонидан молияланганди.

Мазкур лойиҳа локомотивлар таъминоти, Мозори-Шариф шаҳрида юк терминали қуриш ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ яна қатор объектларни барпо этишни ҳам кўзда тутганди.

Янги темирйўл шаҳобчаси Афғонистон иқтисодини тиклашда Ўзбекистон томонидан кўрсатилган катта ёрдам экани алоҳида урғуланади.

Чунки Мозори-Шариф Афғонистоннинг иккинчи йирик шаҳри бўлгани боис янги транспорт йўли икки давлат орасидаги савдо-сотиқни ривожлантириш ва халқаро инсонпарварлик ёрдамларини Ҳайратон чегара туманидан Балх вилояти марказига элтишда ниҳоятда қўл келиши айтилади.

Мақсад нима?

Куни-кеча қўшни Афғонистонга чегарадош жанубий Сурхондарё вилоятига қилган сафари чоғида президент Ислом Каримов "Ўзбекистон темир йўллари" ширкати Афғонистондаги илк темирйўл магистралига хизмат кўрсатишини ҳам маълум қилган.

Жаноб Каримовга кўра, ўзбекистонлик мутахассислар "Ҳайратон-Мозори-Шариф" йўналиши бўйича йўловчи ва юк ташиш ишларини амалга оширишади.

Ўзбекистон президентининг билдиришича, бу хусусда Афғонистон ҳукумати билан келишиб олишган.

Денгизга чиқиш йўли бўлмаган Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён Афғонистон ва кейин Эрон ҳамда Покистон орқали денгиз бандаргоҳларига чиқишни орзу қилиб келади.

Афғонистондаги урушнинг ҳамон давом этаётгани эса, бу режага тўсқинлик қилмоқда.

Бироқ афғон ерида тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилаётган НАТО қўшинлари таъминоти учун янги йўл очиш асносида муҳим рол ўйнай бошлаган Ўзбекистон денгизга йўл очиш режаларига ҳам замин ҳозирлай бошлаган.

Ўзбекистоннинг қулай жўғрофий жойлашуви ва энергия захиралари бутун дунё диққатини тортиб турган Афғонистон иқтисодини тиклашда муҳим рол ўйнаши мумкинлиги айтилади ва бундан расмий Тошкентнинг ўзи ҳам катта манфаатдордир.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, Афғонистон иқтисодида муҳим ўрин тутувчи мазкур темир йўлни, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш орзуси томон қўйилган 75 километрлик "қадам" дейиш ҳам мумкин.

Осиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, келажакда лойиҳа давом эттирилиб, Кобул ва Ҳирот орқали ўтувчи темир йўл Марказий Осиё давлатлари учун денгиз бандаргоҳларига йўл очади.

Афғонистон иқтисодини тиклаш ва халқ хўжалигининг ривожида бу лойиҳанинг аҳамияти жуда катта экани айтилади.

Афғонистонлик иқтисодий таҳлилчи Ҳумоюн Эҳсон бу хусусдаги фикрларини қуйидагича изҳор этади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ислом Каримов аввалроқ Тошгўзар-Бойсун-Қумқўрғон йўналишидаги замонавий темирйўл тармоғининг қуриб битказилиши, “Навоий” халқаро аэропортидаги интермодал логистика марказининг тараққий топиши ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг кучи билан "Ҳайратон-Мозори-Шариф" йўналишидаги темирйўл шаҳобчасининг ишга туширилиши минтақа давлатларининг транспорт алоқалари ва юк ташиш имкониятларини кенгайтиришини билдирганди.

Ўтган ой Туркманистон ҳам Афғонистон ҳамкорликда 120 километрли янги темирйўл қуриш режасида эканлигини маълум қилганди.

Бу темирйўлнинг ҳам Осиё минтақасидаги давлатлар орасида муҳим нақлиёт бўғини бўлиши ва юк ташиш ишларини анча енгиллатиши кутилмоқда.