Ўзбекистон диний эркинликлар бўйича 'алоҳида хавотирга молик' давлатлар қаторида

Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси йиллик ҳисоботидаги "алоҳида хавотирга молик" давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам бор.

Ҳисоботда Ўзбекистон диний эркинликлар бўйича вазият абгор қолаётган мамлакат сифатида Бирма, Хитой, Миср, Эритрея, Эрон, Ироқ, Негирия, Шимолий Корея, Покистон, Саудия Арабистони, Судан, Туркманистон ва Ветнам каби давлатлар қаторида тилга олинган.

Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссиясининг ушбу рўйхатига Миср илк бор киритилган.

Комиссия раҳбари Леонард Леога кўра, "алоҳида хавотирга молик" давлатлар дунёдаги диний эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари энг кўп буғилган ва поймол этилган мамлакатлардир.

Ўзбекистон

Би-би-сига гапирган Леонард Лео Ўзбекистонда вазият ижобий томонга ўзгармай қолаётганини айтди.

"Бир неча йиллар ўтиб ҳам биз Ўзбекистондаги шароитлар яхшилаётганини кўрмадик. Ҳукумат давомли равишда ҳамон диний эътиқод эркинлигига тажовуз қилиб келади. Диний эркинликларга қарши қаттиққўл қонунлар амалда", дейди Леонард Лео.

Унга кўра, Ўзбекистонда нафақат диний озчиликлар ҳуқуқлари, балки мамлакатда кўпчиликни ташкил этувчи мусулмонлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳам чекламоқда.

"Ва бу амаллар халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича андазаларга мос тушмайди".

Аммо, бундай огоҳлантиришлар маълум вақтдан бери берилаётганига қарамай, нима учун АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга қарши бирон чора кўришдан тийилиб келмоқда деган саволга жавоб бераркан, Лео жаноблари шундай дейди:

"Аниқки, Қўшма Штатлар Ўзбекистон ва унинг ҳукумати билан муҳим стратегик муносабатларни йўлга қўйган. Аммо, комиссиямиз фикрича, бизнинг миллий хавфсизлик бўйича узоқ муддатли манфаатларимизга Ўзбекистондаги барқарорлик ва хавфсизлик кўпроқ хизмат қилади. Бунинг учун Америка Қўшма Штатлари ўзбек ҳукумати билан қонунларини ислоҳ қилиш ва мамлакатдаги мусулмонлар ва бошқа диний озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш масаласида самарали мулоқотларни йўлга қўйиши керак".

Айни пайтда Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси раҳбари Леонард Лео икки томон ўртасида бундай мулоқотлар маълум миқёсда аллақачон йўлга қўйилгани, бироқ бу етарли эмаслигини айтади.

"Албатта, АҚШ ҳукумати Ўзбекистонни "алоҳида хавотирга молик давлатлар сирасига киритган, аммо унга қарши жазо чоралари эълон қилгани йўқ. Биз қурол - яроғ савдосига чекловлар киритишимиз, олий мартабали ўзбек расмийлари ташрифини таъқиқлашимиз мумкин. Аммо, биз буни қилмаяпмиз. АҚШ ҳукумати агентликлари инсон ҳуқуқлари бўйича хавотирларни изҳор қилишда яхшироқ ҳамкорлик қилишлари мумкин. Хуллас, бу масалада қатор амалларга қўл уриш мумкин, аммо биз ҳозир уларни қилмаяпмиз", дейди у.