Россия бензин экспортини тўхтатмоқчи, бунинг Ўзбекистонга таъсири қандай бўлади?

Россия Энергетика вазирлиги мамлакат нефть ширкатларининг май ойидан бошлаб четга бензин сотишни тўхтатишларини эълон қилган.

Мамлакат масъуллари бунинг сабабини ички истеъмолдаги бензин тақчиллигига барҳам бериш нияти билан изоҳлашган.

Таҳлилчилар эса, мазкур вазиятни Россия иқтисодий сиёсатининг заифлиги, иқтисодининг хом-ашёга ўтириб қолгани ва дунёдаги асосий нефть экспортерларидан бири эканига қарамай, мамлакатнинг ўзида нефтни қайта ишлаш ишларига жиддий эътибор қаратмаётгани билан боғлашади.

Ўзбекистон дохил қатор Марказий Осиё давлатлари Россияда ишлаб чиқарилган олий сифатли бензин ва дизел ёқилғисининг анъанавий харидорлари ҳисобланишади.

Маҳаллий экспертларга кўра, худди шу сабабдан ҳам, Россия томонининг сўнгги қарори ушбу давлатларнинг ёқилғи бозорларига таъсир этмай қолмайди.

Айрим маълумотларга қаралса, Ўзбекистон Россиядан йилига 100, 150 минг тонна атрофида А-93 ва А-95 турдаги олий сифатли бензин сотиб олади.

Аммо маҳаллий таҳлилчилар бунинг Ўзбекистон иқтисоди ва ёқилғи бозори учун катта кўрсаткич эмаслигини айтишади.

Улар ўз хулосаларининг сабабини Ўзбекистоннинг ўзида эҳтиёжининг катта қисмини қондириш даражасида бензин ишлаб чиқарилаётгани билан изоҳлашади.

Лекин, таҳлилчиларга кўра, Россия томонининг қарори Ўзбекистонда олий сифатли бензин таъминотида тақчилликка сабаб бўлиши мумкин.

"Чунки Ўзбекистонда бу каби олий сифатли бензинга эҳтиёж ниҳоятда катта, хорижий русумдаги ва Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг барчаси ана шу турдаги ёқилғидан фойдаланишади," дейди маҳаллий эксперт Анвар Ҳусаинов.

Экспертга кўра, Россиядан таъминотнинг тўхатиши Ўзбекистонда шундоқ ҳам қиммат бўлган олий сифатли бензин нархларининг янада ошиб кетишига ҳам олиб келади.

Жорий пайтда Ўзбекистонда А-93 ва А-95 турдаги бензиннинг бир литри 1.300 -1.400 сўм атрофида экани айтилади.

Анвар Ҳусаинов, ўз ўрнида, Фарғона ва айниқса, Бухородаги нефтни қайта ишлаш корхоналарида олий сифатли бензин ишлаб чиқариш имкониятлари борлиги, лекин бунинг учун лозим бўлган хом-ашёни келтириш ва мавжуд технологияларни ўзгартириш учун маълум вақт лозим бўлишини ҳам урғулайди.

Таҳлилчиларга кўра, Россия томонининг пухта ўйламай қўяётган қадами анъанавий бозорларини йўқотишга олиб келиши билан бирга, асосий харидорлари бўлган қатор Марказий Осиё давлатларини ҳам жадаллик билан бошқа бозорлар топишга ундайди.

Улар Россия томонининг қарори ортидан Ўзбекистонда қўшни Қозоғистон, Туркманистон ва ҳатто, Озарбайжондан ҳам тоза сифатли бензин сотиб олиш имконияти борлиги, бундан ташқари, режадаги янги транспорт йўллари Эрондан ҳам бензин олиб келиш имкониятларини яратишини айтишади.

Жорий пайтда бензин таъминоти масаласида Ўзбекистон ва Россия орасида ҳукуматлараро шартнома амал қилмайди.

Россиядан Ўзбекистонга бензин келтириш ишлари билан турли хил хусусий ширкатлар, бундан ташқари, Ўзбекистон-Малайзия қўшма корхонаси ва ўтган йил касодга учрагани эълон қилинган "Зеромакс" ширкати шуғулланиб келгани айтилади.

Маҳаллий кузатувчилар эса, ушбу жараёнларнинг очиқ бозор принциплари асосида амалга оширилмагани, Ўзбекистон йирик истеъмолчи эканига қарамай, нефть маҳсулотлари биржаси ҳам йўқлигига эътибор қаратишади.

Лекин, шунда ҳам, Ўзбекистондан кўра Россия бензинига тўлиқ қарам бўлган Қирғизистон ва Тожикистонга қийин бўлиши, агар расмий Тошкент ҳам ички эҳтиёжини ўйлаб, уларга ёқилғи таъминотини тўхтатадиган бўлса, уларнинг аҳволи янада оғирлашиши айтилади.