"Ёшлар" телеканалидан қувилган икки журналист руҳий мадад сўрамоқда

Image caption Малоҳат Эшонқулова ўзбек телевидениесидаги маҳаллийчилик ва цензурадан шикоят қилган

Бутунжаҳон сўз эркинлиги куни муносабати билан 2009 йилда Ўзбекистоннинг "Ёшлар" телеканалидаги ишларидан бўшатилган икки журналист жаҳон ҳамжамияти ва ҳамкасбларидан ёрдам сўраб мурожаатнома билан чиқишган.

Журналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Амонова Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида, хусусан, "Ёшлар" телерадиоканалида содир бўлаётган, ўз таъбирларида, шафқатсиз цензура, иқтисодий ўғирликлар, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик каби иллатларга барҳам бериш мақсадида кураш бошлаганлари туфайли ноқонуний тарзда ишдан бўшатилганларини ёзишади.

Журналистлар ўтган йилнинг декабрида Тошкентдаги ҳукумат уйи қаршисида намойиш ўтказиб, телевидение раиси Алишер Ҳўжаев ҳамда "Ёшлар" телеканали раҳбари Ҳайрулло Нуриддинов, шунингдек, Бош Вазир ўринбосари Абдулла Ориповнинг истеъфосини талаб қилишганди.

"Сўз эркинлигига амал қилиб, оқибатда нимага эришдик?" - деб ёзади икковлон.

Мурожаатномада ёзилишида Ўзбекистон сўз эркинлиги кунини нишонлашга лойиқ эмас.

"Бизда-чи?! Ўзбекистонда?! Қалам аҳли истаган ўша сўз эркинлиги деган сўзнинг лоақал "С" ҳарфи бормикин?! Аксинча, журналистман дегани бу жумланинг бош ҳарфини тилга олиши биланоқ ҳукумат арбоблари томонидан таъқибу тазйиқ остига олинади. Бу фикрларимизга бизнинг кейинги бир йил давомида бошимиздан кечирган ва айни дамда кечираётган жабру-жафоларимиз, руҳий қийноқларимиз яққол мисол", - дейилади мактубда.

Эшонқулова ва Омонова хонимларнинг айтишларича, ишдан олинишлари ортидан уларга нисбатан ҳамон таъқиб ва таҳдид давом этмоқда. Улар Тошкентда яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганларини ҳам айтишади.

Image caption Саодат Омонова ўз ҳамкасби билан Самарқандга қувғин қилинганини айтади

"Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Ички Ишлар Бошқармаси ходимларининг зуғуми остида ҳар иккаламиз ҳам туғилиб ўсган масканимиз - Самарқанд вилоятига қувғин қилиндик. Аниқроғи, ҳуқуқ идораларининг таҳдид ва таъқиби натижасида бизнинг Тошкент вилояти туманида доимий рўйхатда турган фуқаролик паспортимиз суднинг ноқонуний қарори билан ҳисобдан чиқариб юборилди", - дейди икки аёл.

Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Амоноваларнинг ўз меҳнат ҳуқуқларини тиклашни сўраб берган аризалари асосида очилган суд жараёни ҳали ҳам қатор кечиктиришлар билан давом этмоқда.

Маҳкама жараёнига инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил кузатувчилар ё дипломатлар кириши ман этилган.

Би-би-си билан суҳбатда "Ёшлар" телеканали раҳбарияти журналистларнинг даъволарини рад этган ва улар сабабсиз ишга келмаганлари учун ишдан бўшатилганликларини айтган.