"Чегара Билмас Мухбирлар" Ўзбекистонни матбуот душманлари рўйхатига киритди

"Чегара Билмас Мухбирлар" ташкилоти рамзи
Image caption "Чегара Билмас Мухбирлар" ташкилотига кўра, Ўзбекистонда матбуот устидан цензура замонга кўра мослашиб бормоқда

"Чегара Билмас Мухбирлар" халқаро ташкилоти 2010 йил якунларига кўра эркин матбуотнинг дунёдаги 38 душмани рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатга давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, қироллар, ҳарбий гуруҳлар, мафия тўдалари ва экстремист ташкилотлар киритилган.

Унда Беларус, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари ҳам бор.

"Чегара Билмас Мухбирлар" матбуот душманларини ўз қудратидан фойдаланиб цензура киритиш, журналистларни ўғирлаш, қийнаш ва ўлдиришда айблаган.

Ташкилотга кўра, 2010 йилда дунё бўйлаб 102 журналист ўлдирилган.

Осиё ҳалиям журналистлар учун энг хавфли қитъалигича қолмоқда - у ерда 40 журналист ўлдирилган.

"Репрессия дастгоҳини идора этганлар, фуқаровий эркинликлар душмани бўлган режимларнинг сиёсий раҳбарлари, журналистларга қарши кампанияларнинг билвосита ташкилотчилари - эркин матубот душманларидир," - деб таъкидланади "Чегара Билмас Мухбирлар" ҳисоботида.

Эркин матбуот душмани

"Чегара Билмас Мухбирлар" Ўзбекистондаги сиёсий режим матбуот устидан назоратни 2010 йилда янада кучайтирганини алоҳида таъкидлайди.

"Бу полиция давлати Тармоқда ахборотнинг тарқалишини ушлашда давом этмоқда ва фуқаровий жамиятни уйғотишга қаратилган ҳар қандай уринишга - хоҳ у воқеий бўлсин хоҳ виртуал - тўсқинлиқ қилмоқда," дейилади ташкилотнинг Ўзбекистондаги матбуотга оид ҳисоботида.

"Чегара Билмас Мухбирлар" Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони ҳар уч ойда 2-3 фоизга ортаётган эса-да, Ўзбекистон Ахборот ва Коммуникация Агентлиги интернет саҳифалар фаолиятини диққат билан назорат қилиб боришини билдирган.

Унга кўра, Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар асосан odnoklassniki.ru, mail.ru сингари кўнгилочар сайтлардан фойдаланишади.

Ташкилот шунингдек Ўзбекистондаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий вазиятга оид танқидий ёда мустақил хабар ва лавҳаларни нашр этувчи ferghana.ru, centrasia.ru, bbcuzbek.com каби саҳифаларга Ўзбекистонда тўла ёда қисман тўсиқ қўйилганини ёзади.

Ўзбекистон матбуотида "Президент Ислом Каримовнинг оилавий ишлари, унинг қизларининг шахсий ҳаёти ва болалар меҳнатига оид мавзуларни муҳокама қилиш мумкин эмас... 2005 йилги Андижон қирғинига боғлиқ ҳар қандай сўз дарҳол олиб ташланади," дейилади ҳисоботда.

"Чегара Билмас Мухбирлар"нинг таъкидлашича, ўзбекистонликлар узоқ пайтлардан буён мазкур мавзуларни "жамоат жойларида, баъзан ўзаро суҳбатларда ҳам муҳокама этишдан бош тортишади".

"Цензура ҳамма жойда ҳукмрон," дейилади ташкилот ҳисоботида.

У Ўзбекистонда цензура замонга мослашиб бораётганини ёзади.

"Чегара Билмас Мухбирлар" шунингдек Ўзбекистондаги интернет кафелар устидан кучли назорат ўрнатилганига алоҳида эътибор қаратган.

"Ҳукумат матбуот устидан назоратни кучайтираверар экан, матбуот орқали эркин фикр билдириш истиқболлари қоронғулигича қолаверади," дея хулоса қилади "Чегара Билмас Мухбирлар" ташкилоти ўз ҳисоботида.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда матбуот устидан цензура ўрнатилганига оид айбловларни доимо рад этиб келади.