Бердимуҳамедов Каримовни қирғиз зиддиятини аритишдаги роли учун олқишлади

Image caption Икки президент ўзаро муносабатлар фаоллашаётганидан мамнун эканларини билдиришди

Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари Тошкентда ўтган учрашувлари ортидан қатор соҳалардаги ҳамкорликни кўзда тутувчи ҳужжатларга имзо чекишган.

Президент Қурбонқули Бердимуҳамедов ва Президент Ислом Каримовлар юзма-юз учрашувлари ортидан чиқарган қўшма баёнотларида ташқи бозорларга чиқиш учун транзит йўлларининг стратегик аҳамитини урғулашган.

Туркман ТВнинг хабарига кўра, икки президент, шунингдек, чегаралар атрофидаги таҳдидлар, хусусан террорчилик, диний экстремизм, уюшган жиноятчилик, инсон савдоси ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашни кучайтириш зарурати борлигига келишганлар.

Қўшма баёнотда айтилишича, Туркманистон 2010 йилда Қирғизистон жанубида юз берган этник зиддиятларни бартараф этишдаги Ўзбекистон ҳаракатларини "ижобий баҳолайди".

Бердимуҳамедов ва Каримов бу каби зиддиятлар минтақадаги тараққиёт, тинчлик ва барқарорликка таҳдид солишини урғулаб, уларнинг келажакда олдини олиш муҳимлигини айтишган.

Халқаро соҳада эса, ўзбек ва туркман раҳбарлари иккала мамлакат ҳам чегарадош бўлган Афғонистонда тинчлик ва барқарорликнинг тез орада тикланишига чақиришган.

Иккала мамлакат матбуот воситалари хабар қилишича, Бердимуҳамедов ва Каримов ўзаро алоқаларнинг фаоллашганидан мамнун эканлари ва барча йўналишларда икки томоннинг қарашлари бир хил эканини айтишган.

Бироқ, Хоразмдан жойлашган инсон ҳуқуқлари фаоллари хабарларига кўра, ўзбек-туркман чегарасида виза муаммолари сақланиб қолмоқда.

Ўтган январ ойида "Хроника Туркменистана" хабар беришича, Туркманистон расмийлари туркман-ўзбек чегарасидан ўтиш қоидасини осонлаштириш ўрнига қийинлаштириб қўйдилар.

Хабарларда айтилишича, чегара нуқталарида чегарачилар ва миграция хизмати ходимлари Ўзбекистонга қисқа муддатга кетаётган одамлардан улар меҳмонга бораётган манзилдаги ўзбекистонлик қариндошларининг паспорт нусхаларини топширишни талаб қилаяптилар.

Шунингдек, Туркманистон мухолиф сайтларининг март ойида тарқатган хабарларига биноан, ўтган бир неча йил давомида Туркманистоннинг ўзбеклар зич яшайдиган ҳудудларидаги мактабларда кескин қисқартирилган ўзбек тили дарслари батамом тўхтатилган.

Аммо, икки президент Тошкентдаги учрашувлари чоғида бу масалаларни муҳокама этгани ё этмагани борасида маълумот йўқ.

Икки томон делегациялари иштирокида ўтган учрашув ортидан Туркманистон миллий маркази кутубхонаси ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик меморандумини ҳам имзоланган.