Жанубий вилоятлардаги қурғоқчилик чорвани Жиззахга ҳайдамоқда

Ўзбекистон жанубий ва марказий вилоятлари қурғоқчиликдан жабр чекмоқда.

Маълум бўлишича, экинларни суғоришга сув етмаяпти. Чорвадорлар эса қўй-эчкиларини боқа олмасдан, мажбуран Жиззах томонларга ҳайдашмоқда.

Айримлар арзон гаровга бўлса ҳам, чорвасини арзон гаровга сотишга интилмоқдалар.

Лекин, жиззахлик фермерлар Жиззахнинг ўзида ҳам сув муаммоси мавжудлигини айтишмоқда.

Жиззахда қурғоқчиликнинг асосий сабабларидан бири дея айниқса дашт ҳудудларда ёғингарчиликнинг кам келгани айтилади.

Аммо тоғли туманлардаги яйловларда ўт бор ва бу жанубий вилоят чорвадорларини ўзига тортмоқда.

"Чорвани иложи борлар Ғаллаоролдан 30 чақирим узоқликдаги Қўйтош тоғларидаги хусусий чўпонларга, қариндошларига қўшиб келаяпти. Иложи йўқлар эса бозорга олиб чиқиб ўтган баҳосига сотишга мажбур бўлаяпти. Чорва молларининг нархи икки баробар тушиб кетди", - дейди ғаллаороллик Дилшод.

Оч пода

Суҳбатдошларимизга кўра, маҳаллий бозорда Сурхондарё ва Қашқадарёдан келтирилган қўй-эчкилар кўпайиб кетган.

Лекин, майда чорванинг нархи тушиб кетганига қарамасдан гўшт нархи тушмаган. Бу бозорга тушаётган чорванинг ориқлиги билан изоҳланмоқда.

Вилоят ҳокимиятида исмини ошкор қилишни истамаган манба маҳаллий чўпонларга турли таклифлар билан Қашқадарё ва Сурхондарёдан чорвадорлар келаётганини тасдиқлади.

"У ёқларда яйлов йўқ. Ўшанинг ҳисобига 200-300та қўйни олиб келиб бериб, "қўзиси сизга, қўйни кузда санаб оламан", - деб бериб кетаяпти. Айримлари 500та қўй олиб келиб, боқиб берсангиз 100таси сизга, қолганини олиб кетаман" деган ҳолатлар бор", -дейди расмий.

Image caption Жиззахнинг ўзида ҳам ўт ҳаммага етмаслиги хавфидан хавотирлар мавжуд

Аммо, маҳаллий аҳолига кўра бу қўйлар гоҳида узоқ яшамаяпти.

Ўт ўрнига тупроқ

"Багарнийдан биттаси 100 та қўй олибди. Бир кунда бештаси ўлиб қолибди. Бир ҳафтанинг ичида ҳаммасини сўйиб юборибди. Сабабини билишса, қўйлар Қашқадарёда тупроқ еб қўйибди. Ўт шунчалик камки, кичкина ўтни оламан деб, тупроқ ялайвериб ошқозони тупроққа тўлиб кетибди", - дейди ғаллаороллик Дилшод.

Жиззах вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси раҳбар ўринбосари Азизқул Ҳазратқулов Би-би-си билан суҳбатда жанубдан вилоятга чорва моллари келгани лекин вазият ваҳима қиладиган даража эмаслигини айтди.

"Қашқадарё ва Сурхондарёда қурғоқчилик бўлиб яйловларда ўт бўлмаган. Бу ҳеч қандай ваҳимали нарса эмас. Жиззахимизда яйловлар мўл. Шунинг учун олиб келиб отар-отар ширкатларимизга жойлаштирдик. Менинг ўзим ҳам бориб кўрдим. Ҳозир 15 - 16 минг қўй олиб келдик", - дейди Азизқул Ҳазратқулов.

Жаноб Ҳазратқулов Жиззах вилоятининг дашт ва чўл ҳудудларида қурғоқчилик бўлаётганини рад этди.

"Дарё ва ариқларда сув камлиги айтилаяпти. Лекин бугунги кунда яйловларимиз ёмон эмас. Ҳосилдорлик ўтган йилгидан сал пастроқ бўлиши мумкин. Лекин, бизнинг вилоятда, худога минг марта шукур қилиш керак, яйловлар ўтларга тўла. Мен чорва бўйича ўринбосарман, Ғалларол, Фориш, Қизилқум, ҳамма жойга ҳар куни чиқиб келаман", - дейди Азизқул Ҳазратқулов.

Масъулга кўра, 5 май куни Жиззахнинг баъзи туманларида ёмғир ёққан. Унгача кун қаттиқ иссиқ бўлгани эса одамларни ваҳимага тушириб қўйган бўлиши мумкин.

Жиззах вилоятида 1,5 миллиондан ортиқ майда туёқли чорва бор. Яйловларнинг асосий қисми Фориш туман ҳудудига тўғри келади.